Ўзбекистон | 00:19 / 28.12.2017
86433
2 дақиқада ўқилади

«Қамчиқ» довонида​ 44та машина қор уюмидан чиқариб олинди

Фото: KUN.UZ

27 декабрь куни «Қамчиқ»​ довонида кучли шамол эсиши, қор ёғиши ва йўлларнинг музлаши натижасида автотранспорт воситаларнинг ҳаракати чекланган бўлиб, йўлни ҳаракат қисмини қордан тозалаш мақсадида транспорт воситалари оз-оздан ўтказилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Қамчиқ» довонидаги тегишли хизматлар томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида автомобиль йўли қордан тозаланиб, соат 17.20да автотранспорт воситаларининг ҳаракати тикланиб, икки томонлама амалга оширилмоқда. Ҳаракатнинг вақтинчалик чеклов давомида, ҳайдовчи ва йўловчилар учун кутиш ва исиниш масканлари ташкил этилиб, жумладан, 70 нафардан ортиқ кишилар доимий фаолият кўрсатувчи постларга жойлаштирилган.

«1800 нафарга яқин киши 45та умумий овқатланиш масканларига жойлаштирилиб, иссиқ чой ва овқат билан таъминланди, улардан 29 нафар бола оналари билан «Она ва бола» хоналарига жойлаштирилди. 25 нафардан ортиқ ҳайдовчи ва йўловчиларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди, 44та автотранспорт воситалари қор уюмидан чиқариб олинди, улардан 6 та автотранспорт воситалари эвакуатор ёрдамида техник таъмирлаш масканларига етказилди. Ҳаракатдаги стационар ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил этилди», дейилади хабар матнида.

Шунингдек, йўлнинг музлаши ва кўринишнинг ёмонлашиши сақланиб қолинишини инобатга олган ҳолда, ҳайдовчи ва йўловчилардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиши сўралади.

Мавзуга оид