Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуровни 80 ёши билан табриклади. Табрик матни ЎзА сайтида келтирилган.

Фото: ЎзА

Муҳтарам Иброҳим Усмонович!

Авваламбор, Сизни камолот ва донишмандлик фасли – табаррук 80 ёшингиз билан самимий муборакбод этаман.

Эл-юртимиз Сизни ноёб истеъдоди ва самарали ижоди билан жамиятимизнинг маънавий ва ижтимоий равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган атоқли маърифатпарвар адиб, йирик олим, фаол жамоат арбоби сифатида яхши билади ва юксак қадрлайди.

Сизнинг йигирманчи аср ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган буюк сўз санъаткорларининг мураккаб ва ибратли ҳаёт ва ижод йўлига бағишланган теран адабий тадқиқотларингиз, “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” сингари ўқувчилар қалбидан чуқур жой олган китоб ва рисолаларингиз ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.

Айни пайтда адабиёт ихлосмандлари Сизни бадиий таржима соҳасида ўзига хос мактаб яратган, миллий адабиётимиз хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшган беназир ва моҳир таржимон сифатида эътироф этадилар.

Ўзбек китобхони Сизнинг заҳматли изланишларингиз туфайли жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини, жумладан, Лев Толстой, Ги де Мопассан, Фёдор Достоевский, Жеймс Жойс, Эрнест Хемингуэй, Фридрих Ницше, Габриэл Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов сингари бетакрор ижодкорларнинг асарларини ўз она тилида ўқишга муваффақ бўлди.

Юксак малакали ношир ва ҳассос публицист сифатидаги Сизнинг фидокорона хизматларингиз мамлакатимизда нашриёт-матбаа соҳаси ва миллий журналистикамизни равнақ топтиришга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Доимо янгиликка интилиб яшайдиган, жонкуяр ва меҳрибон устоз сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ёшларга сабоқ бериб, кўплаб истеъдодли шогирдлар тарбиялаганингиз ҳар томонлама таҳсинга лойиқдир.