Спорт | 00:10 / 02.01.2018
34495
5 дақиқада ўқилади

2018 йилнинг спортга оид энг асосий воқеалари

KUN.UZ кириб келган янги йилда жаҳон ҳамда қитъамиз миқёсида бўлиб ўтадиган ва энг кутилаётган спорт тадбирлари рўйхатини тақдим этади.

Футбол бўйича ёшлар (U23) ўртасида Осиё чемпионати

Учинчи бор ташкиллаштирилаётган ушбу турнир 9–23 январь кунлари Хитойда бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик ёш футболчилар саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, учинчи бор финал босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритишган. Қуръада ёшларимиз мезбонлар жой олган «А» гуруҳига тушган. Унда Хитойдан ташқари, Қатар ва Уммон терма жамоалари бизга рақиблик қилишади. Футболчиларимиз 9 январь куни Қатарга, 12 январь куни Хитойга ва 15 январь куни Уммонга қарши майдонга чиқишади.

Қишки Олимпиада

Фото: РИА Новости / Рамиль Ситдиков

Йил боши спорт мусобақаларига жуда бой ўтади. 9 февралдан 25 февралгача Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида XXIII қишки олимпия ўйинлари ўтказилади! Бутун жаҳондан миллионлаб инсонлар телевизор қаршисига йиғилиб, ўз мамлакатларига мухлислик қилишади.

Қишки паралимпия ўйинлари

Фото: РИА Новости / Рамиль Ситдиков

Олимпиададан сўнг одатга кўра, Пёнгчангда XII қишки паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. У 9–18 март кунлари ташкиллаштирилади.

Футзал бўйича Осиё чемпионати

Февраль ойининг 1-санасидан 11-санасига қадар Хитой Тайпейида футзал бўйича XV Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Қитъа турнирининг барчасида қатнашиб келаётган Ўзбекистон футзал терма жамоаси «В» гуруҳида мусобақа мезбонлари — 3 карра чемпион Япония, бир бор финалчи бўлган Жанубий Корея ва финал босқичида иккинчи бор иштирок этаётган Тожикистон терма жамоаларига қарши кураш олиб боради. Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик футзалчилар 4 бора финалгача етиб боришган.

Фигурали учиш бўйича жаҳон чемпионати

Фото: РИА Новости / Владимир Песня

Спортнинг нафис турларидан бири — фигурали учиш бўйича жаҳон чемпионати Италиянинг Милан шаҳрида 19–25 март кунлари ташкиллаштирилади. Муз устига жаҳоннинг энг кучли спортчилари чиқиб келишади. Бу жуда томашабоп ва чиройли кураш бўлади.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати

Фото: РИА Новости / Владимир Песня

Йил давомида кутилаётган энг машҳур спорт турнири шу бўлса керак. Мундиал илк бора Россияда ташкиллаштирилади. Россиянинг 11 шаҳри — Москва (2 та стадион), Санкт-Петербург, Сочи, Қозон, Саранск, Волгоград, Нижний Новгород, Ростов-Дон, Калининград, Самара ва Екатеринбург мусобқаларни қабул қилади.

Футбол байрами 14 июндан 15 июлгача бўлиб ўтади. Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу нуфузли турнирга йўлланма ололмади. Лекин сиз суюкли терма жамоангизни Россияга бориб қўллаб-қувватлаш имкониятига эгасиз.

Осиё ўйинлари

18 августдан 2 сентябрга қадар Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Осиё қитъасининг 45 давлатидан ташриф буюрувчи 10 мингдан зиёд атлетлар учун спортнинг 40 тури бўйича 462 та мусобақа ташкиллаштирилади. Ўзбекистонликлар учун ушбу турнир шуниси билан ҳам эсда қоладики, илк марта ўзбек миллий спорт тури — кураш бўйича мусобақалар ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилмоқда.

Параосиё ўйинлари

Индонезиянинг жакарта шаҳрида 6–13 октябрь кунлариташкиллаштирилувчи Параосиё ўйинларида 42 мамлакатдан келган спортчилар 17 хил спорт мусобақасида беллашадилар.

Шахмат бўйича жаҳон чемпионати

Фото: РИА Новости / Михаил Макрушин

Энг ақлли спорт тури ихлосмандларига шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун кечадиган ўйинларни ўтказиб юбормасликни маслаҳат берамиз. У 9–28 ноябрь кунлари Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.

Жаҳоннинг амалдаги чемпиони Магнус Карлсен ушбу унвон учун номзодга қарши дона суради. 8 кишидан иборат номзодлар турнири ғолиби янги чемпион деб эълон қилинади.

Юқоридагилардан ташқари, бизни ўзбекистонлик спортчилар қатнашадиган, 20 сентябрь–7 октябрда Озарбойжон пойтахти Бокуда ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати, 23 сентябрдан 6 октябргача Тбилисида бўлиб ўтадиган халқаро 43-шахмат олимпиадаси, 6–18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда ташкиллаштириладиган Ёшлар ўртасида III ёзги олимпиада, гарчи ўзбекистонлик ёшлар чиқа олишмаган бўлса-да, 20 сентябрдан 7 октябрга қадар Малайзияда бўлиб ўтадиган ўсмирлар (U16) ўртасида Осиё чемпионати, 18 октябрь–4 ноябрга қадар Индонезияда бўлиб ўтувчи футбол бўйича ёшлар (U19) ўртасида Осиё чемпионати каби жаҳон ва қитъа аҳамиятига молик йирик спорт мусобақалари кутмоқда.