Президентнинг теннисни оммалаштириш ва ривожлантиришга оид қарорига кўра, ўқувчиларнинг қизиқиши ҳамда мавжуд спорт инфратузилмасидан келиб чиқиб, теннис ривожлантириладиган мактаблар танлаб олинади.
Ушбу мактабларда теннис бўйича спорт секциялари ташкил этилади. Уларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, Ўзбекистон теннис федерацияси маблағлари ҳисобидан спорт инвентарлари, жумладан, tennis wall — теннис машғулотлари учун девор мосламалари билан жиҳозланади.
Машғулотларни мактаб жойлашган ҳудуддаги спорт мактабидан жалб этилган тренерлар олиб боради.
Қарор билан Осиё ва Параосиё ўйинлари ғолиблари, совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари миқдорларига ҳам ўзгартириш киритилди.
Спортчилар учун мукофотлар қуйидагича белгиланди:
— олтин медаль учун — 25 000 АҚШ доллари;
— кумуш медаль учун — 12 500 АҚШ доллари;
— бронза медаль учун — 6 250 АҚШ доллари.
Ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган тренерларга эса қуйидаги миқдорларда мукофот берилади:
— олтин медаль учун — 10 000 АҚШ доллари;
— кумуш медаль учун — 5 000 АҚШ доллари;
— бронза медаль учун — 2 500 АҚШ доллари.
Тегишли ўзгартиришлар президентнинг 2023 йил 7 апрелдаги ПҚ–114-сон қарори 7-иловасининг 9- ва 10-бандларига киритилган.

















