Сўнгги йилларда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз чиқишларида ибратли ривоятлардан мисол келтирмоқда. Давлат раҳбари қозоғистонликларни 2018 йил билан қутлар экан, бир ибратли ривоятни ёдга солишга қарор қилди. Tengrinews Назарбоевнинг чиқишларидаги  ривоятларини бир мақолага бирлаштирди.

Раҳбарлар ўз ходимларига қандай муносабатда бўлиши керак?

"Шарқда бир улуғ махаража бўлган экан, у жуда ҳам зерикиб кетибди. Унинг ҳамма нарсаси бор бўлгани боис ҳаётга қизиқиши сўнгган эди. Махаражанинг талабларига ҳеч ким "йўқ" деб жавоб бермайди, у барчасига эришган. Бироқ у зерикишдан касал бўлганди. Қаердадир уни бу касалликдан даволовчи авлиё борлигини эшитади. У бир умр хизмат қилган хизматкорини ўзи билан бирга олиб, йўлга чиқади. Йўлда бўрон туриб, уларни қум босиб қолди. Туялар ва карвон йўқолади. Улар иккисигина қолишади. Ташналикдан ўзи ҳам, хизматкори ҳам ўлим ёқасида қолган эди. Мешда бир неча сув томчиси бўлиб, уни ё ўзи, ёки хизматкори ичиб омон қолиши керак эди..." - дея сўзлаб берган Назарбоев 2016 йилнинг сентябрида Павлодар вилоятига қилган сафари чоғида.

"Махаража 30 йиллик хизмати давомида биринчи марта унга умрини фидо қилаётган хизматкори борлиги ҳақида ўйлаб қолди. У эса бирор марта унга миннатдорчилик ҳам билдирмабди, бошини силамабди. "Қандай одам бўлдим" деб ўйлаб, мешдаги қолган сувни хизматкорнинг оғзига томизибди. Хизматкор дарров ўзига келиб, яна унга хизмат қила бошлабди. Шу пайт шаррос ёмғир қуйиб юборибди, ҳамма омон қолибди. Шунда хизматкор "Ҳазрат, авлиёни излашда давом этамиз" деган экан, махаража "Йўқ, мен ўзимга керакли нарсани топдим, бошқа излашга ҳожат йўқ. Уйга қайтамиз!" дебди. Демак, махаража ўзига хизмат қилган, амал жиҳатидан пастроқ одамга хайрли иш қилиш ортидан бахт топди. Шу боис юқори лавозимдагиларнинг  ўзидан паст мартабали ходимларга ҳурмати инсоний, олижаноб бўлиши керак.  Инсоннинг моҳияти ҳам шунда", - дея хулоса қилди президент. Шу билан бирга, Назарбоев раҳбарлар ўзларини ходимларидан юқори тутиб, улар билан баланд овозда суҳбатлашишини ёқтирмаслигини таъкидлади.

Фото: Tengrinews

Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкин?

"Ҳамма бахтли бўлишни хоҳлайди. Бу бахтни қаерга яширсам экан? Ерга бекитсам - топишади, сувга яширсам - топишади. Ҳатто осмонда ҳам топишади. Келинг, бахтни ҳар бир инсоннинг ўзига яширайлик. Унга эришиш учун кучли истак ва интилиш бўлса бўлгани. Сизга бахт тилайман!", - деди давлат раҳбари Янги йил байрам тантанасида.