АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳридаги Беверли-Ҳиллзда жойлашган Беверли-Ҳилтон меҳмонхонасида «Олтин глобус» мукофотларининг 75-тантанали топшириш маросими бўлиб ўтмоқда. NBC телеканали маросимдан жонли трансляцияни амалга оширмоқда.

«Хизматкор ҳикояси» сериали «энг яхши драматик сериал» йўналишида «Олтин глобус» лауреатига айланди. Бош роль ижрочиси Элизабет Мосс ҳам драматик сериалдаги энг яхши аёл роли учун мукофотни қўлга киритди. 2017 йилда ушбу сериал «Эмми» мукофотига ҳам лойиқ топилганди.

Жеймс Франко «Олтин глобус»ни энг яхши комедия актёри сифатида олди, бу ҳақда мукофотнинг твиттердаги расмий саҳифасида хабар берилди.
Франко мукофотни «Бахтсиз бунёдкор» фильмидаги роли учун қўлга киритди. Бу номинацияда шунингдек, Ҳью Жекман («Буюк шоумен»), Дэниэл Калуя («Йўқол»), Стив Карелл («Жинслар жанги») ва Энсел Элгорт («Драйвдаги болакай») ҳам кураш олиб борди.

«Коко сири» мультфильми ҳам «Олтин глобус»ни қўлга киритди. Бу ҳақда мукофотнинг твиттердаги саҳифасида хабар берилган.
Бу номинацияда мукофотни қўлга киритиш учун «Босс-гўдак», «Фердинанд», «Овчи аёл» ва «Ван Гог. Муҳаббат билан, Винсент» мультфильмлари ҳам кураш олиб борди.

Англиялик режиссёр ва сценарийнавис Мартин Макдонах энг яхши сценарий учун «Олтин глобус» билан тақдирланди.
Макдонах «Миссури штати, Эббинг чегарасидаги уч билборд» фильмининг сценарий муаллифи саналади. Фильм ҳам мукофотлардан бирини қўлга киритди - актёр Сэм Рокуэлл иккинчи пландаги энг яхши эркак роли учун «Олтин глобус» билан тақдирланди.

















