2018 йил 10 апрелга қадар Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар томонидан давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида барча давлат органларида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Бунда давлат органларида фаолият олиб борадиган жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.

2018 йил 1 майга қадар Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Адлия вазирлиги, АҚҲМИ томонидан Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланади.

Лойиҳада фуқаролар, ўқувчи ва талабаларнинг Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида монеликсиз иштирок этиш имкониятлари назарда тутилади.

2018 йил 1 майга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (келишув асосида),

Ахборот технологиялари вазирлиги, ФЖШМҚМИ томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини самарали ташкил этиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши қарори лойиҳаси тайёрланади.

Лойиҳада:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш тартиби;

қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг оммани жалб қилишнинг замонавий усуллари,
шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш назарда тутилади.

2018 йил 1 апрелга қадар Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), АҚҲМИ, ФЖШМҚМИ, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ЭОАВМА, ЎзННТМА, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этишни назарда тутувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳанинг қабул қилиниши давлат органларига юклатилган вазифаларни бажариш самарадорлигининг ошишига, улар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига, фуқароларнинг мурожаатларини, уларда кўтарилган муаммоларни жойида ҳал этишда давлат органлари раҳбарлари томонидан қай даражада муносабат билдирилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга имкон беради.