Николай Орлов 2026 йил ёзида Мўғулистонга айнан манулларни суратга олиш мақсадида сафар қилган. Бу ёввойи мушуклар Марказий Осиёнинг даштлари, чала чўллари ва тоғли ҳудудларида яшайди. Фотограф уларни табиий яшаш муҳитида тасвирга олишни истаган.

Бироқ катта манулни учратиш осон бўлмаган. Орлов сафар давомида вояга етган манулни бор-йўғи бир марта кўрган. Ўшанда ҳам ҳайвон ундан тахминан 100 метр нарида турган.

Манул болаларини суратга олишда эса фотографнинг омади кўпроқ келган. Улар катта мануллар каби ўта ҳуркак бўлмагани сабабли Орловга яқинроқ масофадан кузатиш ва суратга олиш имкони туғилган. У икки марта қоя ёриқларидаги манул болаларини тахминан 25–30 метр масофадан тасвирга олган.

Фотографнинг айтишича, мушукчаларнинг ёши тахминан уч-тўрт ой бўлган. У уларнинг ўлчамини 30 сантиметр атрофида деб баҳолаган. Қоялар орасига яширинган ана шу кичкина мануллар унинг фотосуратлари қаҳрамонига айланган.

Шунга қарамай, манул болалари олинган кадрларда анча майда кўринган. Шу боис Орлов уларнинг портретларини тайёрлаш учун тасвирларга қўшимча ишлов беришга тўғри келганини қайд этган.

Манул (Otocolobus manul) Паллас мушуги номи билан ҳам танилган. Катталиги жиҳатидан у оддий уй мушугига ўхшайди, аммо танаси ва оёқлари калтароқ. Қулоқлари эса бошининг пастроқ қисмида жойлашган. Юмалоқ кўз қорачиқлари ҳам унинг ўзига хос белгиларидан биридир.















