Спорт | 16:10 / 10.01.2018
18590
7 дақиқада ўқилади

Филиппе Коутиньо ўрнига 4 номзод

Ўтган ҳафтанинг шанба куни Англия клублари тарихидаги энг қиммат трансфер расман эълон қилинди. Бразилиялик футболчи Филиппе Коутиньо «Барселона»да тиббий кўрикдан ўтди ва 400 миллион евро миқдоридаги товон пули белгиланган 5 йиллик шартномага имзо чекди. 

Коутиньо «Ливерпуль»нинг ҳужум чизиғидаги муҳим звено эди, энди Клопп кучли тўртлик учун курашда унинг ўрнини тўлдириши керак бўлади. Хўш, қайси футболчилар «қизиллар»нинг жонига оро кириши мумкин? 

ОРЗУ: Кристиан Пулишич

Фото: Squawka

Пулишич жуда узоқ вақтдан бери Юрген Клоппнинг трансфер орзуларидан бири бўлиб келган. Клоппнинг ўзи уни 2015 йилда «Боруссия»га олиб келган ва кейинчалик америкалик футболчи «Ливерпуль»да Коутиньога ўринбосар бўлиши ҳақида айтилиб келинган.

Дортмунднинг ёшлар жамоасидаги ўйинлари орқали Пулишич дунёнинг энг қимматбаҳо тинайжерларидан бирига айланди. Ҳозир эса, унга бутун бир мамлакат умид тиккан, дейилса муболаға бўлмайди. Пулишич ҳозир атиги 19 ёшда, балки Клопп қисқароқ давр учун бошқа номзод топар, лекин футболчининг вақт ўтган сари янада ўсиб боришини эътиборга олсак, ушбу трансфер Коутиньони эсдан чиқариш учун айни муддао бўларди.

Футболчининг энг кучли жиҳатларидан бири дриблинг ҳисобланади, ушбу мавсум Бундеслигада Пулишич энг кўп мувафақиятли дрибнинг (48) амалга оширган футболчи бўлиб турибди. Фоиз ҳисобида бу 45 фоизни ташкил этади, бу ҳам жуда яхши кўрсаткич, шунингдек, жуда кўп ҳолатларда рақиблар унга нисбатан қўполликлар ишлатганликларини ҳам алоҳида эътиборга олиш керак.

Пулишич шериклари учун 16дан ортиқ вазият яратиб берди, учта гол ва 1 ассист муаллифига айланди. 

«Мен ҳеч қачон «Ливерпуль»га ўтиш ҳақида жиддий ўйлаб кўрганим йўқ эди. Мен Клоппни жуда ҳурмат қиламан, у билан жуда яқин танишман. У мени Дортмундда жуда яхши қабул қилди ва айнан «Боруссия» менга ҳамма нарсани берди», – деб изоҳлайди Кристианнинг ўзи.

Айтиш керакки, ёзда Усмон Дембелени «Барселона»га қўйиб юборишга мажбур бўлган дортмундликлар бир йил ичида яна бир иқтидорли ёш футболчисидан айрилишни истамасалар керак.

ҲАҚИҚАТГА ЯҚИНРОҚ: Тома Лемар

Фото: Squawka

Ким учундир айнан Лемар дастлабки вариант сифатида «Ливерпуль»га мосроқ. Ёзда уни қўлга киритишга «Арсенал» жуда яқин келганига қарамасдан, айни пайтда ушбу футболчи номини кўпроқ «Ливерпуль» билан боғлашмоқда.

Ўтган мавсумда Лемар «Монако»нинг энг муҳим ўйинчиси бўлган ва ўз ҳисобида 31 (14 гол+17 пас) самарали очколарни ёзиб қўйган. Натижада, «Монако» Франция чемпиони бўлди ва Европа Чемпионлар лигаси ярим финалида ўйнади. Аммо ушбу мавсумдаги жароҳат ва пасайишлар Лемарнинг ўйинига таъсир кўрсатди – футболчи ҳисобида атиги 2 гол ва 4 голли узатма мавжуд.

Шундай бўлса-да, Лемарнинг трансфер нархи жуда юксак баҳоланишда давом этмоқда, сабаби, «Монако»нинг бир қатор етакчи футболчилардан айрилгани бу футболчи учун баландроқ нарх қўйилиши мумкинлигини далолат қилмоқда. Mirror тарқатаётган хабарларга қараганда, «Ливерпуль» бразилиялик собиқ футболчисига ўринбосар сифатида айнан Лемарни қўлга киритишга жиддий бел боғлаган.

Франциянинг L'Equipe нашри эса, аксинча, «Лестер»нинг Риёд Маҳрезининг Ливерпулга кўчиб ўтишини ҳақиқатга яқинроқ деб ҳисобламоқда.  

СИРЛИ ТУЛПОР: Леон Горетцка

Фото: Squawka

Леон Горетцка варианти кутилмаганда «Ливерпуль»нинг танлови бўлиши ва Филиппе Коутиньонинг ўрниги эгаллаши мумкин.

Ёзда жамоа сафини Наби Кейта тўлдиради, демак, «Шальке»нинг марказий ярим ҳимоячиси «Ливерпуль»да янада ҳужумкорроқ услубда ҳаракат қилиши ва кўпроқ ижодкорлик қобилиятларини намойиш қилиши мумкин. «Шальке»да Горетцка таянч зонада тўп суради ва бу йўналишдаги имкониятлари анча чекланган.

Горетцка айниқса, жамоа ҳужумларини бошлаш, позицион ҳужумларни орқароқдан ташкил қилишга уста. Декабрь ойида у жароҳат олди, ундан олдин 22 ёшли футболчи 4 гол муаллифига айланганди. Бундеслигада 6 йиллик тажрибага эга бўлган ва юздан ортиқ ўйинларда майдонга тушган Горетцка пулларни сарф қилиш учун жуда мос номзод.

Нарх жиҳатидан Горетцка жуда қулай вариант, чунки у ёзда эркин агентга айланади. Бу эса, бошқа тарафдан «Ливерпуль»нинг имкониятларини пасайтириб юборади, чунки футболчига даъвогарлик қилаётган «Бавария» билан рақобат қилиш Клопп жамоасига катта қийинчилик туғдириши турган гап.

SQUAWKA ТАНЛОВИ: Набил Фекир

Фото: Squawka

«Ливерпуль»нинг «ажойиб тўртлиги» мавсумнинг биринчи ярмида ҳар қандай ҳимояни ларзага солди ва улар биргаликда 38 голга муаллифлик қилишди.

7 гол ва 6 ассистни амалга оширган Коутиньо мисолида «Ливерпуль» олдинги чизиқдаги асосий креативдан айрилиши мумкин. Номзодлар ичида айнан сермаҳсуллик борасида «Лион» аъзоси Коутиньога энг муносиб ўринбосар бўла олади. 

Фекир «Лион»да ҳужумчи Мариано Диас ортидаги уч ҳужумкор ярим ҳимоячидан бири сифатида тўп суради ва Лига 1да у ушбу мавсумда 11 гол уришга улгурди. «Ливерпуль»нинг қанотларда Салоҳ ва Мане билан худди шундай схемада тўп суришини эътиборга олсак, Фекир жамоани жуда осонлик билан ва самарали тўлдириши мумкин.

Шу билан бирга, Небил юқори қаватларда ҳам «Ливерпуль»ни кучайтириши шубҳасиз, Франция чемпионатида унинг ҳисобида 45 фоиз юқори қават курашларидаги устунлик бор. «Ливерпуль»нинг ҳужумкор тўртлигида бу кўрсаткичда энг яхши натижа Муҳаммад Салоҳда, у ҳам бўлса атиги 29.2 фоиз холос. 

 

SQUAWKA материали асосида

Мавзуга оид