Ўзбекистонда қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувни назарда тутадиган Қонунчилик  ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борадаги тегишли Фармони лойиҳаси Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Адлия вазирлиги, АҚҲМИ, ТДЮУ, ИИВ Академияси томонидан 2018 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

муайян ижтимоий муносабатларнинг айнан қайси турдаги қонун ҳужжати билан тартибга солинишини аниқ белгилаш;

“ақлли тартибга солиш” моделлари ва қабул қилинаётган қарорлар таъсирини таҳлил қилиш методологиясини жорий этиш;

тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар қабул қилиш амалиётини кенгайтириш;

қонун ижодкорлиги жараёнида қўлланиладиган тамойилларни (ижтимоий адолат, халқчиллик, жамоатчилик фикрини ўрганиш, очиқлик, самарадорлик, коррупцияга қарши экспертиза ва ҳ.к.) жорий этиш;

идоравий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётини босқичма-босқич қисқартириш;

қонун ижодкорлигининг замонавий услубларини (масалан, “One in two out”, “Sunset clauses”, “Open ended” тамойиллари асосида ва бошқалар) жорий этиш назарда тутилади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти устидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси назоратини янада такомиллаштириш мўлжалланмоқда. Бу ҳақдаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалий чора-тадбирлар 2018 йил 1 февралга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (келишув асосида), Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Бунда Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмита аъзоларининг жойларда иш олиб бориш тартибини белгилаш ва парламент назорати тадбирларини амалга ошириш назарда тутилади.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш борасидаги фаолияти кучайтирилади. Олий Мажлис Сенати, сиёсий партиялар (келишув асосида), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бу борадаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалий чора-тадбирларни 2018 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқади.