15 октябр куни минглаб талабалар Албания пойтахти Тиранадаги ҳаётни фалаж ҳолатга келтирди. Улар кўчаларда ўт ёқиб, йўлларни темир панжаралар билан тўсиб қўйди. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув тўпларини ишга солди. Бироқ бу чоралар бош вазирга бўлган босимни сусайтирмади. Рама эса истеъфога чиқиш ҳақидаги талабларни рад этди.
Уч кунлик тўқнашувлар
Ойлардан бери давом этаётган норозиликлар шу ҳафта кескин тус олди, деб ёзмоқда New York Times. Хусусан, 13 октябрдан буён Тирана кўчаларида кетма-кет уч кун тўқнашувлар бўлди. Таълим харажатлари юқори синф ўқувчилари, университет талабалари ва бошқаларни кўчага олиб чиқди.
Намойишчилар таълим вазирлиги ва бош вазир девони томон юриш қилди. Тўқнашувлар чоғида уларнинг айримлари ахлат қутилари, автобус бекатлари ва киоскка ўт қўйди. Айримлари эса йўлакдан кўчириб олинган бетон блоклар билан ҳукуматга алоқадор биноларнинг ойналарини синдирди.
Фото: Reuters
Намойишчилар банкларга ҳам тош отди, банкоматларни бузди ва бир банкка бостириб кирди. Баъзилари шаҳардаги янги баланд биноларни ҳам нишонга олди. Уларнинг айтишича, ҳукумат хорижлик меъморлар лойиҳалаган бинолар ортида мактаб ва университетларга эътиборсизлигини яширмоқда.
Фото: Reuters
Полиция тош отаётган намойишчиларга қарши товушли гранаталардан ҳам фойдаланди. 15 октябр куни марказий Скандербег майдонида полиция қочаётган намойишчиларни дубинкалар билан урди. Буни сайёҳлар кузатиб турди. Яқин атрофда зўравонлик яна авж олгани сабаб парламент ўша куни мажлисини бекор қилди.
Фото: Reuters
Полиция 55 киши ҳибсга олинганини, яна 98 кишига жиноий айблов қўйилганини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 89 киши жароҳатланган, улар орасида 61 нафар полициячи ва 18 нафар намойишчи бор.
Мавзуга оид
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, намойишлар Албаниянинг Дуррес, Элбасан, Кукес ва Влора шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Фото: Reuters
Бош вазир девони яқинида ёниб кетган банк филиалининг хавфсизлик бўлими бошлиғи Times’га намойишга қарши эмаслигини айтди. Бироқ вазиятнинг бундай кескинлашуви унга умуман ёқмаётганини қўшимча қилди. «Ҳукумат қарор қабул қилиши керак бўлади: истеъфога чиқиши ёки полицияни ёхуд армияни чиқариши лозим. Чунки бу тартибсизлик чексиз давом эта олмайди», деди у.
Намойишчилар нимани талаб қилмоқда?
Reuters’нинг ёзишича, намойишчиларнинг асосий талаби – Албания бош вазири Эди Раманинг истеъфоси. Улар амалдорларни коррупцияда ва таълимни эътиборсиз қолдиришда айбламоқда.
Намойишчиларнинг айтишича, ёз бўйи асосан тинч ўтган акцияларда уларнинг хавотирларига ҳеч ким қулоқ солмаган.
«Албанияликлар тўрт ойдан ортиқ вақтдан бери бош вазирнинг истеъфосини талаб қилиб, норозилик билдириб келмоқда. Бироқ ҳеч ким уларнинг талабларига эътибор бермади. Шу сабабли Рама истеъфога чиқмагунча ҳар қандай восита билан, ҳар қандай йўл билан намойишни давом эттирамиз», деди муҳандислик йўналиши учинчи курс талабаси Анила Шеҳу.
Киара исмли талаба асосий муаммолар турмуш нархи, иш топиш имкониятининг пастлиги ва коррупция билан боғлиқ айбловлар эканини айтди. «Бош вазиримиз коррупция сўзининг айни маъноси», деди у. Унинг сўзларига кўра, ўз соҳасида ишни фақат таниш-билиш орқали топиш мумкин.
Фото: Reuters
Бундан ташқари, намойишчилар мамлакат жанубидаги қирғоқнинг айрим қисмлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнерга алоқадор курорт лойиҳаси учун сотилганидан ҳам ғазабда.
Намойишни бошлашда иштирок этган талабалар гуруҳи аъзоси Эмир Лецинининг айтишича, дастлаб талабалар курорт лойиҳасига қарши тинч намойишларни қўллаб-қувватлаш учун кўчага чиққанди. Энди уларга футбол мухлислари клублари ва ҳукуматдан норози бошқа гуруҳлар ҳам қўшилган.
Фото: Reuters
«Намойишлар кейин қаёққа қараб кетишини ёки кейинги қадам қандай бўлишини айта олмайман, чунки вазият назорат қилиб бўлмайдиган ҳолга келди», деди у. «Шунга қарамай, биз Раманинг истеъфоси ҳақидаги талабимизда қатъий турибмиз. У лавозимидан кетмагунча намойишлар тўхтамайди».
«Фламинго инқилоби»
Норозиликлар тўлқини Албания жанубидаги ҳашаматли курорт лойиҳасига қарши акциялардан бошланганди. Уларга интернетда тарқалган бир видео туртки бўлганди. Унда 30 май куни хусусий қўриқчилар пляжда бир эркакни судраб олиб кетаётгани акс этган.
Бу эркак бир неча ўнлаб маҳаллий аҳоли ва экофаолларга қўшилганди. Кушнер ва унинг бизнес шериклари айнан шу пляжни режалаштирилган ҳашаматли меҳмонхона ва курорт мажмуаси таркибига киритмоқчи.
Фламинго инқилоби намойишлари / Фото: Bloomberg
Бу намойишлар ҳудуддаги бой қушлар дунёсига ишора қилиб, «фламинго инқилоби» деб аталади. Улар шу ҳафтагача асосан тинч ўтиб келганди.
Курорт лойиҳаси суд орқали ҳам эътирозларга дуч келган. Қишлоқ аҳолиси июл ойида Reuters агентлигига ерлари ноқонуний сотилганини айтганди. Кейинроқ агентлик ерни сотган шахс гиёҳванд моддалар савдоси айблови билан прокуратура қидирувида эканини хабар берди. Унинг адвокати бу айбловларни рад этган. Reuters Кушнернинг қонунбузарлик қилгани ҳақида далил топмаган.
Намойишчилар наздида бу лойиҳа бутун бир тизимнинг рамзига айланди. Уларнинг айтишича, сиёсатчилар даромадли келишув ва шартномаларни дўстларига бермоқда.
Фото: Reuters
Ғазабнинг асосий нишони ҳукумат бошида турган Рама бўлди. У билан бир қаторда асосий мухолифат партияси етакчиси, собиқ бош вазир Сали Бериша ҳам норозиларнинг ғазабига учрамоқда.
Сентябрда Рама ҳукумат қурилишнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаётгани сабаб лойиҳа тўхтатиб турилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, қурилиш давом этиш-этмаслиги шу баҳолаш натижасига боғлиқ.
Раманинг намойишчиларга жавоби
Reuters агентлиги уч кунлик тартибсизликларни Рама ҳукумати учун ҳозиргача бўлган энг катта синов деб баҳоламоқда. Рама 2025 йилда тўртинчи марта бош вазир бўлганди. Ўшанда унинг Социалистик партияси сайловда катта фарқ билан ғалаба қозонганди. Сайловолди кампаниясининг марказида эса Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзолик масаласи турганди.
Бош вазир таълим нархининг ошиши масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини айтди, бироқ истеъфога чиқиш талабларини рад этди. Унинг ҳукумати коррупция айбловларини ҳам рад этади.
Албания бош вазири Эди Рама / Фото: AFP
«Менинг вазифам – тинглаш, асосли хавотирларни ҳал қилиш ва Албаниянинг олдинга ҳаракатини таъминлаш. Бундан бошқа йўл Европа Иттифоқига аъзолик бўйича музокараларни якунлашим учун менга кучли мандат берган албанияликларга хиёнат бўларди», деди Рама Reuters’га йўллаган ёзма баёнотида.
Бош вазирнинг таъкидлашича, талабалар намойишларини Албаниянинг ЕИга қўшилиш режаларини барбод қилмоқчи бўлган гуруҳлар эгаллаб олган. «Эҳтимол, мамлакат ичида ва ташқарисидаги айрим кучлар Албаниянинг иттифоққа аъзолик йўлида муваффақият қозонишини истамас. Аммо мен зўравонлик Албаниянинг Европа келажагини издан чиқаришига йўл қўймайман», деди у.
15 октябр куни Рама пойтахтдаги Европа коллежининг ёниб қорайган харобаларига борди. Бу муассаса Европанинг бўлажак технократларини тайёрлайди. «Бу тартибсизликда қўли бор ҳар қандай одам албатта бунинг учун тўлайди», деди у ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода.
Европа Иттифоқи омили
Тартибсизликлар Албаниянинг ЕИга аъзолик йўлидаги муҳим бир паллага тўғри келди. Албания Черногория билан бирга Болқон давлатлари орасида аъзолик жараёнида етакчилик қилмоқда. Мамлакат иттифоққа 2028 йилдаёқ қўшилишни мақсад қилган.
Фото: Reuters
Бироқ йиллар давомидаги коррупция можаролари мамлакат обрўсига путур етказган. Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Албания гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан тушган пулларни ювишга интилаётган жиноий гуруҳлар марказига айланган. Бу эса унинг иттифоққа қўшилиш ҳаракатларини қийинлаштирмоқда.
Фото: Reuters
Рама эса бу борада ҳукуматини ҳимоя қилиб, Албания коррупцияга қарши «ҳеч қачон бўлмаганидек» курашаётганини айтди. Европа Иттифоқининг Албаниядаги миссияси ўз баёнотида «Конструктив мулоқот – олдинга боришнинг ягона йўли», деб ёзди.