Президент Шавкат Мирзиёев Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон – Саудия ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқот давомида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва устувор қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда Саудия Арабистони компанияларининг мамлакатимиз бозорига қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бунинг натижасида “яшил” энергетика, замонавий инфратузилмалар, юқори технологиялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Томонлар эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали икки томонлама амалий ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга тайёр эканини қайд этдилар. Учрашув якунида саудиялик инвесторлар Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “Cengiz Holding” бошқаруви раиси Меҳмет Женгизни қабул қилди.
Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ошиб, йирик инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди. “Cengiz Holding” билан мулоқот давомида энергетика, геология ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иссиқлик электр станцияларини барпо этиш ҳамда электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Озарбойжоннинг “SOCAR” компанияси раҳбари Ровшан Нажаф ва “British Petroleum” компаниясининг катта вице-президенти Жованни Кристофолини қабул қилди.
Мулоқот чоғида энергетика соҳасида ушбу етакчи компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

















