Ўзбекистонда 2018 йил 1 июлга қадар “Давлат хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Адлия вазирлиги,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, АҚҲМИ, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, Бош прокуратура бу борадаги иш учун масъул этиб белгиланди.

Лойиҳада давлат хизмати тизимини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг асосий тамойиллари, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминоти, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан бўшаш тартиби белгиланади.

Шунингдек, 2018 йил 1 февралга қадар туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказлари – “Халқ қабулхоналари”нинг замонавий биноларини қуриш ва моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Адлия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилади.

Бу борадаги сарф-харажатлар 50 млрд сўм этиб белгиланди, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган маблағлар, маҳаллий бюджет маблағлари эса молиялаштириш манбалари бўлади.

Лойиҳа билан 2018-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда, қоида тариқасида, давлат-хусусий шериклик шартларида тасдиқланган намунавий лойиҳаларга асосан туман ва шаҳарларда Давлат хизматлари марказлари – Халқ қабулхоналарининг янги бинолари қурилади. Бунда она ва бола хоналари, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит, автомобиль тўхташ жойлари, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш бурчаклари назарда тутилади.

2018 йил 1 мартга қадар инновацион технологияларни қўллаш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг юқори сифати, тезкорлиги, очиқлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини янада ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Масъуллар: Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, Инновация вазирлиги, Ўзавтосаноат, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар.

Сарф-харажатлар 30 млрд сўм этиб белгиланди, ахборот- коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари молиялаштириш манбалари бўлади.