Айни кунларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда. 

Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида турли форматларда жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда.

Жумладан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” Давлат дастури лойиҳаси билан аҳолининг кенг қатламини таништириш ва бевосита фикр ва таклифларни ўрганиш мақсадида 2018.strategy.uz сайтига ҳамда Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси www.regulation.gov.uz порталида жойлаштирилганди.

Марказ Ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, ўтган қисқа вақт давомида Давлат дастури лойиҳаси юзасидан фуқаролардан 2600дан зиёд фикр ва таклифлар билдирилган бўлиб, бу 2017 йил Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасидан қарийб 2 баробарга кўп. 

"Бугунги кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази аҳолидан келиб тушаётган таклифларни умумлаштириб, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича таҳлил қилмоқда. Демак, жамоатчилик муҳокамалари натижаларига (бугунги кун ҳолатига) кўра 2018 йил Давлат дастури лойиҳасининг энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган бандлари рейтинги тузилди", дейилади хабарда.

Унга кўра, энг кўп таклиф ва фикр билдирилган мавзу Фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш бўлиб турибди. Ушбу банд юзасидан фуқаролардан 170 дан зиёд изоҳ қолдирилган. (Давлат дастури лойиҳасининг 28-банди).

Рейтингнинг кейинги ўринларида қуйидаги мавзулар жой олган:  

2-ўрин: Диний таълимот соҳасида тадқиқотлар ўтказиш тизимини ривожлантириш. 162 та изоҳ.