20 январь куни Туркия Қуролли кучлари самолётлари Сурия шимолидаги Африн минтақасига авиазарбалар берди. Турк авиацияси ҳудуддаги курдларнинг юздан ортиқ позицияларига ҳужум уюштирган. Туркиянинг бу қарори АҚШ Сурия шимолида ИШИДга қарши кампания номи остида курдлар армиясини тузиш ҳаракатларига жавобан амалга оширилди. Туркия ўзининг жанубий чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сурия шимолида буфер зона ташкил қилиш борасидаги ҳаракатларини давом эттирмоқда.
«Зайтун бутоғи» амалиёти
Бир ҳафта муқаддам ОАВда АҚШ Сурия шимолида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 30 минг кишилик армия тузиши, бу армия асосан курдлардан ташкил топиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарлар ортидан Туркиянинг турли ҳудудларидаги ҳарбий техниклари Сурия билан чегарага ҳудудига кўчирила бошланди. Бир неча марта Сурия шимолига артиллериядан ўт очилди.
АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон эса америкаликлар Сурия шимолида армия тузмоқчи экани ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Бу тўқиб чиқарилган гаплар. Айримлар ўзича баёнот берган. Биз чегарада ҳеч қандай хавфсизлик кучларини тузишни режалаштирмагандик», — дейилганди АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Шунингдек, Давлат департаменти матбуот котиби Хизер Нойерт Анқарани Сурия ва Туркия чегарасида яшовчи курдларга ҳужум қилмасликка чақирди. Аммо Туркия «Фрот қалқони» типидаги амалиётни бошлаб бўлганди («Фрот қалқони» 2016 йил ёзидан 2017 йил мартига қадар олиб борилган. Ўшанда ИШИДга қарши ҳарбий амалиёт номи билан Сурия шимолига кирган турклар курдларнинг ҳарбий бўлинмаларига қарши ҳам уруш олиб борганди).
20 январь куни аввалига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурия шимолида ҳарбий амалиёт бошланиб бўлганини маълум қилди. Кўп ўтмасдан Туркия бош штаби Афринда «Зайтун бутоғи» номли ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди. Туркия ҳарбийлари баёнотида бу амалиёт «Сурия яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда» олиб борилиши маълум қилинган.
Россия реакцияси
Башар Асад режими иттифоқчиси ҳисобланадиган Россия Африндаги зиддиятга аралашмасликни маъқул кўрди.
Туркия ҳужум бошлаши арафасида Россия Мудофаа вазирлиги Арбиндаги ҳарбийларини Талль-Аджар ҳудудига кўчирди.
Россиялик ҳарбийлар баёнотида Туркиянинг амалиётига АҚШнинг Сурия шимолида курд ҳарбий бўлинмаларини шакллантириш учун назоратсиз қурол етказиб бераётгани сабаб бўлгани айтилди.


















