2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди.

Давлат дастурида Пул-кредит сиёсатини амалга ошириш ва уни ривожлантиришнинг ўрта муддатли Концепциясини ҳамда 2018 – 2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш бўйича «йўл харита»сини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, унда босқичма-босқич инфляциявий таргетлаш режимига ўтиш белгилаб олинган.

2018 йилнинг 1 июлигача Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси билан кoнцепция вa «йўл хaритaси» тасдиқланади.

Кoнцепция вa «йўл хaритaси»да пул-кредит сиёсатини амалга оширишнинг усул ва механизмларини халқаро тажриба ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, хусусан:

  • умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштириш амалиётини такомиллаштириш, бунда иқтисодий ўсиш, давлат бюджетининг баланслашгани ва иқтисодиётдаги нархлар даражасининг барқарорлиги бўйича ўзаро ҳаракатлар ва мақсадларнинг келишилганлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;
  • ликвидликни бошқариш операциялари бўйича пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган фоиз инструментлари турларини кенгайтириш;
  • тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантиришда, шу жумладан, кредитлар бўйича бозор механизмларини кенг жорий этиш;
  • илғор хорижий тажрибага мувофиқ макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлашни такомиллаштириш;
  • пул-кредит сиёсатининг, жумладан, қўлланилаётган инструментлар ва якуний мақсадлар тўғрисида ахборот етказиб бериш йўли билан, шаффофлик ва прогноз қилиш имкониятини ошириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.

Таҳририятдан: Экспертларнинг фикрича, тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантиришда, шу жумладан, кредитлар бўйича бозор механизмларининг жорий этилиши — валюта эркин конвертациясининг очилиши даражасидан кам бўлмаган оламшумул янгиликдир. Чунки арзон ва имтиёзли валюта тугатилганидек, энди арзон кредитлар ҳам тугатилади. Барчасини бозор ҳал қилади.