22 сентябр соат 21:00 дан 23 сентябр соат 4:00 гача Тошкентда ҳарорат инверсияси кутилмоқда. Бу эса ҳаво сифатининг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин, деб хабар берди Экология қўмитаси.

photo_2026-09-22_19-15-06
Экология қўмитаси

Қайд қилинишича, инверсия ер юзасидаги ҳавонинг совиши, юқори қатламларда эса ҳавонинг илиқроқ қолиши натижасида юзага келади. Метеорологик прогнозга кўра, айрим соатларда шамол тезлиги 0,5–1 м/с гача пасайиб, ҳавонинг вертикал аралашуви секинлашади. Ёғингарчилик кутилмаётгани эса ҳаводаги заррачаларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Оқибатда PM2.5 ва PM10 заррачалари ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиши учун қулай шароит юзага келади.

Прогнозларга кўра, пойтахтнинг аксарият ҳудудларида соат 22:00 дан 1:00 гача ҳаво сифати (AQI) кўрсаткичи бўйича «сезгир гуруҳлар учун носоғлом» даражагача ёмонлашиши мумкин. Шу сабабли, кечки вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик тавсия этилади. Эрталаб ер юзаси исиши билан инверсия заифлашиб, ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда.

Экология қўмитаси Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлашиши ҳақида 19 сентябр куни ҳам хабар берган эди.