Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари 3 мингга яқин россиялик жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкцияларни бир вақтнинг ўзида уч йилга узайтиришга келишиб олди — бу Европа Иттифоқининг санкциялар режими учун мисли кўрилмаган узоқ муддат бўлиб, илгари у ҳар ярим йилда қайта кўриб чиқилар эди.

Reuters нашрининг таъкидланишича, элчилар Россиянинг икки таниқли ишбилармони — Алишер Усмонов ва Михаил Фридманни рўйхатдан чиқаришга қарор қилингандан кейингина муросага келди.

Бу қандай юз берди?

Ташаббускор Франция бўлди, у сентябр ойи бошида иттифоқнинг бошқа аъзолари учун кутилмаганда миллий хавфсизлик нуқтаи назарини рўкач қилиб, Усмоновдан санкцияларни олиб ташлашни ёқлаб чиқди. Дипломатик манбаларга кўра, ҳақиқий сабаб камида икки нафар Франция фуқароси ҳибсга олинган Озарбойжоннинг босими бўлиши мумкин.

Париждан кейин Люксембург ҳам Фридман учун худди шундай шартларни талаб қилди — тадбиркор ўз активлари музлатилгани сабабли мамлакатга қарши 16 миллиард долларлик даъво қўзғатган ва расмийлар санкцияларнинг сақланиб қолиши суд муҳокамасида уларнинг мавқеини заифлаштиришидан хавотирда эди.

Келишув йўлидаги сўнгги тўсиқ Латвия бўлди, у ҳозир Москвага босимни юмшатиш вақти эмаслигини таъкидлаб, келишувни қўллаб-қувватлашдан ҳаммадан узоқ вақт бош тортди. 22 сентябр куни Латвия қарорга тўсқинлик қилмади, бу эса зарурий якдилликка эришиш имконини берди.

Контекст

Усмонов ва Фридман 2022 йилдан бери Европа Иттифоқи санкциялари остида эди. Европа Иттифоқи Усмоновни рўйхатга киритиш қарорида унинг Россия президенти Владимир Путин билан «ўта яқин алоқалари»га ишора қилган.

2024 йилда Европа Иттифоқи суди Фридманга қарши санкция қарорларининг бир қисмини далиллар етарли эмаслиги сабабли бекор қилди, бироқ бу унинг рўйхатдан чиқарилишига олиб келмади, чунки Европа Иттифоқи Кенгаши у вақтга келиб аллақачон янги санкция қарорларини қабул қилган эди.