9-27 январь кунлари мобайнида Хитой мезбонлигида ўтган Осиё чемпионати финалида Вьетнам терма жамоасини қўшимча вақтда урилган гол эвазига 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди. Қуйида ушбу турнир якунларига хулоса қилинади.

Равшан Ҳайдаров

Фото: ОФК

Равшан Ҳайдаровни мураббий сифатида камида ўн беш йилдан бери биламиз. «Трактор», «Пахтакор» ва ҳатто унга ўз вақтида жаҳон чемпионатида саралашида қатнашаётган терма жамоамиз ҳам ишониб топширилганди. Аммо у доим кимнингдир соясида қолган, аввалига Агамуродов, кейин Юрген Гёде ёки Виктор Жалилов унга, Ҳайдаровга шерик бўлар, сўнгги йилларда эса, у кўпроқ Самвел Бабаяннинг «чизиғидан чиқмайдиган мутахассис» сифатида таассурот қолдираётганди.

Ушбу мусобақа Ҳайдаровни айнан мураббий сифатида қайтадан кашф этди, дейиш мумкин. Жамоа ўйинида мураббийнинг қўли яққол сезилди, айниқса, мусобақа давомида пайдо бўлган турли вазиятларга ёшларни тайёрлаш осон эмас – гуруҳдаги чигал вазиятда совуққонлик, японларнинг биздан ёш эканини ҳисобга олиб дастлабки дақиқалардан босим уюштириш, Жанубий Корея бир ўйинчи кам бўлиб қолганда ташаббусни қўлга олиш, финалдаги ноқулай об ҳаво ва айниқса, 1:1 ҳисобидаги ўйинларда ўзини сувга тушган балиқдек ҳис қиладиган Вьетнам жамоасини мағлуб этиш. Буларнинг барчасида бош мураббийнинг муҳим ва ўз вақтида чиқарилган қарорлари турганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ҳужумкорлик

Фото: ОФК

Футболчиларимиз плей-оффдан бошлаб 3 ўйинда жами 10 гол уришди. Голлар стандарт вазиятлардан ҳам, тезкор қарши ҳужумлар ёки позицион ҳужумлардаги чиройли комбинациялар орқали ҳам киритилди. Гол урган футболчилар ҳам ҳар хил, яъни жамоа ўйинида ранг-баранглик ва ҳужумкорлик кўзга ташланди.

Энг асосийси, Япония ва Кореяга қарши ўйинларда керакли ҳисоблар қайд этилгандан кейин ҳам жамоа ҳимояга ўтиб олмади ва яна гол уриш, чиройли ўйин кўрсатишга бўлган ҳаракатлар сезилиб турди.

Бу U23!