Шу кунларда Ғазодаги юз минглаб болалар қарийб уч йил ичида биринчи марта анъанавий таълимга қайтди.
ЮНИCЕФ маълумотларига кўра, Ғазодаги мактабларнинг 98 фоизи уруш пайтида вайрон бўлган ёки шикастланган. Ғазо таълим расмийлари эса 660 мингга яқин ўқувчи офлайн таълим олишдан ва ўқув жараёнидаги мунтазам иштирокдан маҳрум бўлганини айтмоқда.
Кўплаб оилалар учун эса мактаб формаси, дафтар ва ручкалар харид қилиш имконсиз. Шарқий Хон Юнус таълим бўлими мудири Иброҳим Рамазоннинг айтишича, мактабларнинг қайта очилиши Ғазо учун нозик ва ўта муҳим босқич ҳисобланади.
Reuters билан гаплашган ўқувчилардан бири Мустафо – уруш пайтида дўстларини йўқотганига, чодирда ўтиришига, тузукроқ пойабзали, дафтар ва ручкаси йўқлигига қарамай, ўқишга қатъий қарор қилганини айтди.
Вайронагарчиликларга қарамай, Ғазодаги таълим расмийлари халқаро ва маҳаллий ташкилотлар кўмагида ўқувчиларни жойлаштириш учун чодирлар, брезент, тунука ва ёғочдан ясалган ўнлаб вақтинчалик мактабларни ташкил қилди.
Уларнинг баъзилари қумли ерда қурилган, бошқаларида эса ўқувчилар тиқилинч бўлиб ўтирадиган, фақат бир нечта тўшак ва битта доскаси бор синфхоналар мавжуд.
Бу йил камида 540 000 ўқувчи ЮНИCЕФ кўмагида хусусий қўлбола мактаблар, вақтинчалик ўқув марказлари дарсларига қатнашиши кутилмоқда. Дарсларга кела олмайдиганлар ёки уруш пайтида Ғазони тарк этганлар учун онлайн таълим давом этади.
Ғазо расмийларига кўра, Исроилнинг икки йиллик геноцид уруши – секторда 22 мингга яқин ўқувчи ва 770 дан ортиқ таълим ходими, жумладан, 532 нафар ўқитувчининг умрига зомин бўлган.
Британиянинг Саудияга ёрдами
Буюк Британия бош вазири Энди Борнҳем ҳусийлар билан жангда Саудия Арабистонига «ҳавода ёқилғи қуйиш бўйича мудофаа ёрдами»ни тақдим этишини айтди.
Маълум бўлишича, бу ёрдам келгуси кунларда бошланиши эҳтимоли бор. Унга Кипрдаги авиабазага жойлаштирилган Британиянинг ягона шу турдаги самолёти – «Voyager» жалб қилинади.
Бош вазирнинг айтишича, бу Саудия Арабистонининг «ҳарбий ёрдам» сўровидан сўнг амалга ошмоқда. Ушбу таклиф «вақт жиҳатидан чекланган» бўлиб, дастлабки босқичда «бир неча ҳафта» давом этиши мумкин.
















