Бишкек ИЭСини модернизация қилиш ҳақидаги битимни имзолар экан, Қирғизистоннинг ўша вақтдаги энергетика вазири, айни пайтда парламент депутати Осмонбек Ортиқбоев «биз янги иссиқлик узатиш марказини қураяпмиз», деб ишонтирган, фақат «қарийб», деб қўшимча ҳам қилган эди, деб ёзади 24.kg.
Мустаҳкам ИЭСни қуришни эса уддалашолмаган бўлиб чиқди. 2018 йилнинг қаҳратон қишида эски қозонхоналар ишдан чиқди, янги ускуналар эса зўриқишни кўтара олмади. Фақат кеча кечга бориб бишкекликлар уйига илиқлик югура бошлади.
Бишкек ИЭСи модернизацияси
Янги блокларни барпо этиш учун 8 та эски қозонхона ва 4 та турбоагрегат бузиб ташланди. Илгари уларнинг қуввати 175 МВт эди, янги иккита қозонхона агрегати ва иккита турбоагрегат ўрнатилганидан сўнг қувват 300 МВтгача ошди.
Осмонбек Ортиқбоевнинг жимжимадор имзоси билан қурилиш ишлари Хитойнинг ТВЕА компаниясига қўшқўллаб топширилди. Хитойнинг Эксимбанки Қирғизистонга бунинг учун 386 миллион доллар кредит ажратди.
Қурилиш капсуласи 2015 йилнинг 2 ноябрида жойланди, очилиш маросими 2017 йилнинг 30 августида бўлиб ўтди.
Ҳисоб палатасининг маълумотларига кўра, ускуналарнинг нархи 164,6 миллион доллар, қурилиш ишлари — 66,7 миллион доллар, монтаж ва ишга тушириш ишлари 64,2 миллион долларга тушган.
Маъмурий харажатлар учун яна 19,2 миллион доллар сарфланган, персонал ва механизмлар транспортировкаси учун эса 12,4 миллион. 2015 йил охирига келиб пудратчига 280,38 миллион (умумий шартноманинг 72,6 фоизи) тўлаб берилган.
TBEA яна ўз ҳисобидан 20,3 миллион доллар беминнат ёрдам кўрсатган.
Ереваннинг янги ИЭСи
2017 йилнинг бошида Арманистон пойтахти Ереванда янги ИЭС қуриш учун капсула жойлаштирилди. Эскисини модернизация ёки таъмирлаш учун эмас, айнан нолдан янгисини барпо этиш учун.
Қурилиш режасига кўра 250 МВт қувватга эга, газда ишловчи комбинациялашган циклга эга электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Италиянинг Renco компанияси янги блокни 285 миллион долларга баҳолаган. Пудратчининг ишонтиришича, қурилиш ишлари 26 ой давом этади ва 2019 йилнинг иккинчи ярмида якунланади.

















