00:00 / 03.02.2018
8655

Samsung чиплар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компанияга айланди 

Фото: Хайтек

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси АҚШнинг Intel’ини ортда қолдириб, чиплар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компанияга айланди. Молиявий ҳисоботларга кўра, 2017 йилда компаниянинг яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи бўлинмаси 69,1 млрд доллар, Intel эса 62,8 млрд доллар ишлаб топган. Бироқ иккала компанияни бевосита таққослаб бўлмайди, чунки Intel процессорлар, Samsung эса флеш хотиралар ишлаб чиқаради. Аммо пул ҳисобида Жанубий Корея компанияси Intel’ни ортда қолдирган.

Бундан ташқари, хотира воситалари ишлаб чиқариш технологиялар келажаги нуқтаи назаридан стандарт процессорлар ишлаб чиқаришдан истиқболлидир. Айни вақтда Samsung’нинг тезкор хотираси бўлмаган смартфонни топиш қийин масаладир. Бундан ташқари, компания қаттиқ дисклар бозорининг учдан бирини эгаллайди.  

Samsung йиллик ҳисоботида булутли сервислар учун юқори сиғимли хотираларга ва сунъий онг каби автоматлаштирилган электроника учун мини-процессорларга талаб катталигини таъкидлаб ўтган. 

Samsung’нинг чиплар ишлаб чиқарувчи бўлинмаси даромади ошиши DRAM ва NAND хотираларига талаб ошгани билан боғланган. Компания яқинда бир вазифага ихтисослашган ASIC процессорлари бозорига кириб борди. Бундай чипларнинг асосий истеъмолчилари криптовалюталар майнерлари ҳисобланади.

Top