Эквадор фуқаролари референдумда исталган давлат лавозими, жумладан президентликка чекловларсиз қайта сайланишга рухсат берувчи нормани бекор қилиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашди. Бундан якшанба куни эълон қилинган дастлабки якунлар дарак бермоқда. 

Ташаббус учун сайловчиларнинг 67,64 фоизи овоз берган бўлса, 32,36 фоизи – қарши. Маҳаллий Televicentro телеканали маълумотларига кўра, гап илгари сурилган таклиф қўллаб-қувватлаганига оид тенденция ҳақида кетмоқда, бироқ ҳисоб-китоб жараёнида у ўзгариши ҳам мумкин. Референдумда сайловчиларнинг 74,8 фоизи қатнашди.

Овоз берувчиларга еттита турли саволга жавоб бериш таклиф этилди, улар асосий қонунга тузатишлар киритишни назарда тутади. Улардан бирида шундай дейилган: "Сиз Эквадор Республикаси конституциясига ҳокимиятнинг барча вакиллари бир лавозимга бир мартадан кўпроқ сайлана олмаслигига оид тузатиш киритишни хоҳлайсизми?". 

Эквадор президенти Ленин Моренонинг фикрича, ушбу референдум якунлари демократиянинг ғалабасидан дарак беради. У бу ҳақда якшанба куни айтиб ўтди.

"Бугун демократия ғалаба қозонди. "Ҳа" жавоби ғалабаси – бу мамлакат ғалабаси. Бу референдум бизнинг умумий ишга айланди, у бизни юракларимиз билан овоз беришга мажбур қилди", - деди сиёсатчи. "Барча халқимиз овозини ҳурмат қилишга мажбур ва ушбу ғалабани эътиборга олган ҳолда ҳаракат қилиши лозим", - дея қўшимча қилиб ўтган у.

Моренонинг сўзларига кўра, Эквадор Миллий ассамблеяси (парламент) яқин 30 кун ичида референдумда қабул қилинган тузатишларни конституцияга киритади.