«Ҳаддерсфилд»га қарши ўйинда «Манчестер Юнайтед» футболчилари қора боғич остида майдонга тушди. Олтинчи февраль куни клуб тарихида ўчмас из қолдирган Мюнхен фожиасига олтмиш йил тўлади.

1958 йилнинг шу кунида «Манчестер Юнайтед» жамоаси футболчилари ва персонали, шунингдек бир қатор журналистлар ва мухлислар жойлашган самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли Мюнхен аэродромидан кўтарилишда муаммога дуч келади ва борт аварияга учрайди. Жамоа Чемпионлар кубоги доирасида чорак финал учрашувида Белграднинг «Црвена Звезда» жамоасини доғда қолдириб, ярим финалга йўл олган ва Мюнхенда ёқилғи қуйиб олиш учун қўнганди. 44 йўловчидан 23 нафари оламдан кўз юмади.

ВОҚЕАДАН ОЛДИН
1955 йилнинг апрелида УЕФА Европа лигалари чемпионлари ўртасида Чемпионлар кубоги мусобақасини ташкил қилди. Дастлабки мавсумда инглиз жамоалари бу турнирга қатнашишмади, ўша пайтдаги Англия Лигаси раҳбари Алан Ҳардэйкер миллий турнирларга бўлган қизиқиш пасайишидан хавотир олган ва «Челси»га рухсат бермаганди.

Кейинги мавсумда «Манчестер Юнайтед» чемпион бўлди ва худди «Челси» каби манчестерликларга ҳам халқаро турнирда қатнашишга тақиқ қўйилди. Аммо бош мураббий Мэтт Басби ва клуб раиси Ҳаролд Ҳардман АФАдан ўз тарафдорларини топишади ва узоқ уринишлар натижасида бу мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Шу тариқа, «Манчестер Юнайтед» инглиз жамоалари ичида биринчи бўлиб еврокубокларда қатнашган клуб сифатида тарихда қолади.

Жамоа илк мусобақадаёқ ишончли қатнашиб, ярим финалгача борди ва фақат бўлажак ғолиб Мадриднинг «Реал»ига имкониятни бой беришади. Қаторасига иккинчи чемпионликка ҳам эришган «Басби болалари» (жамоанинг аксарият ўйинчилари жуда ёш бўлганликлари учун, шундай лақаб олгандилар) Европа миқёсидаги ғалаба сари одимлашда давом этишди.
 
У вақтларда самолётда учиш анча таҳликали саналарди, аммо шанба кунлари ўтказиладиган миллий чемпионат ўйинларига улгуриш учун ҳафта ўртасида еврокубок ўйинида иштирок этган «Юнайтед»да самолётда учишдан бошқа илож ҳам қолмаганди.

6 ФЕВРАЛЬ. 1958 ЙИЛ
Самолёт немис заминига қўнганида, ҳамма жуда хотиржам ва яхши кайфиятда эди. Кимдир карта ўйнар, бошқаси сўнгги янгиликларни муҳокама қилар, борт турли китоб ва журналларга тўла эди. Учиш олдидан кузатиладиган одатий муҳит: бироз асабийлик бор, аммо карта ўйини ва суҳбатлар вазиятга анча хотиржамлик олиб кирган. Ҳатто баъзилар ухлаб ҳам ётишибди.