«МЮ»га рақибдаги қизил ёрдам бермади, «Арсенал»да камбэк, «Барса»да ғалабали серия
|14:333 52411 мин
«МЮ» кўпчилик бўлиб ўйнаб, ғалабани қўлдан чиқарди, «Барселона» Рафинясиз ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонмоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: Martin Rickett/PA Images via Getty ImagesФото: Martin Rickett/PA Images via Getty Images
«МЮ»нинг «Тоттенҳэм»га қарши ўйини – клублар футболидаги икки топ-жамоа тўқнашувидан иборат илк ўйин бўлди. Бошқа томондан, уларнинг ҳозирги мақоми ҳақида аниқ гап айтиб бўлмайди. Ўзаро ўйиндан олдин «МЮ» турнир жадвалида 12-, «Тоттенҳэм» – 20-ўринда эди.
Биринчи бўлимда мухлислар гол кўришмади, аммо ўйин анча томошабоп кечди. Таблодаги ҳисоб тенг бўлиб қолган бўлса-да, жамоалар ўйини ҳақида бундай деб бўлмасди. Мезбонлар майдонда нима қилишини билмасди, лондонликлар эса истаганини қилишди.
Роберто де Зерби шогирдлари шу қадар катта устунликка эга бўлишдики, 25-дақиқагача бўлган оралиқда рақиб ҳимоя ҳудудидаги тўпга тегинишлар сони бўйича кўрсаткич ноодатий кўриниш олди – 6:52.
«Тоттенҳэм» ҳисобни очиш учун етарлича вазиятлар яратди, энг хавфлиси Қуддус иштирокидаги ҳужум бўлди. Ганалик ҳужумчи жуда қулай масофадан зарба берди, аммо тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Қолган вазиятларда ҳам ёки дарвозабон аниқроқ ҳаракат қилди ёки меҳмонларда аниқлик етишмади. «МЮ»даги ягона вазият эса қарши ҳужумда Амадда юзага келди, аммо жароҳатдан эндигина қайтган футболчининг зарбаси жуда кучсиз чиқди ва дарвозабон ҳеч қандай муаммосиз тўпни эгаллаб олди.
Иккинчи бўлимда «МЮ» ниҳоят футбол ўйнай бошлади, лекин анча вақтгача ташаббус «Тоттенҳэм»да қолди. Вазиятлардан бирида Шоу тўпни дарвоза чизиғи олдида тўхтатиб қолди. Кейин эса Соланке голга жуда яқин келди, аммо унинг дарвозабон майдончаси олдида туриб берган зарбасидан кейин тўп юқоридан ўтиб кетди. Шундан кейингина мезбонлар ҳам ҳужумлар уюштира бошлади. «МЮ» кўпроқ ўнг қанотдан ҳужум қилди, голни эса чап қанотдан урди. Мбемо жарима майдони ичида тўпни Кунядан қабул қилиб олди ва ўгирилиб, олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Мавзуга оид
77-дақиқада эса ҳиссиётлар назоратдан чиқиб кетди ва майдонда футболчилар ўзаро муносабатларга ойдинлик киритишга киришиб кетди. Барчаси ван Ҳеккенинг хавфли подкатидан бошланди. Тўп меҳмонларда қолди ва ҳужум давом эттирилди. Кейин эса Бентанкур тўпни Шоунинг оёқлари орасидан ечиб олди ва аутга чиқариб юборди. Шундан кейин инглиз ҳимоячиси рақибининг кўкрагидан итариб йиқитди. Уругвайлик яримҳимоячи бунга жавобан рақибга бош билан ҳамла қилди (лекин тегмади), инглиз ҳимоячиси жиддий зарба қабул қилгандек йиқилди, ҳакам эса Шоуга сариқ, Бентанкурга қизил карточка кўрсатди.
Мезбонлар кўпчилик ҳолатида ғалабали ҳисобни сақлаб қолиши кутилганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Тоналининг қанотдан узатмасидан кейин Соланке биринчи бўлимдаги айбини ювди. Ушбу форвард тўп учун курашда Лисандро Мартинесдан устун келди ва бош билан бурчакка аниқ зарба йўллади – 1:1.
«МЮ» ва Кэррикка саволлар кўпаймоқда: жамоа ўз уйида турнир жадвалининг 20-ўриндаги жамоасига қарши ўйинда бир киши бўлиб ғалабали ҳисобни ушлай олмади. Бунгача «Эвертон», «Нюкасл» (ўтган мавсумда) ва «Сити»га қарши ўйинларда сон жиҳатдан устунлик бўлса-да, мағлубиятга учраганди.
Якунда ўзи ҳақли бўлган очкони қўлга киритган «Тоттенҳэм» эса 18-ўринга кўтарилиб олди.
Ҳафта ўртасида «Арсенал» Микел Артета ва унинг ассистентлари билан келишувни яна уч мавсумга – 2030 йил ёзига қадар узайтирганди. Мураббий эса халқаро танаффусдан кейинги илк ўйинда жамоа бошланғич таркибида биратўла 6 нафар инглиз футболчисини туширди – бунақаси лондонликларда 1999 йил февралидан буён кузатилмаганди.
Халқаро танаффусдан олдин «Арсенал» «Брайтон»га йирик ҳисобда ютқазиб (0:3), турнир жадвалидаги пешқадамликни «Манчестер Сити»га бой берганди. Шанба кунги ўйинда эса «Лидс» ҳам «Брайтон» қўллаган услубдан фойдаланиб, «канонирлар»ни ноқулай аҳволга тушириб қўйди. Даниэл Фарке шогирдлари ҳимояда тартибли ҳаракатланди ва хавфли қарши ҳужумлар уюштирди. Ўйинда ҳисоб биринчи бўлимдаёқ очилиши мумкин эди, аммо Райя бир неча марта жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди. Иккинчи бўлим бошида эса меҳмонлар барибир ўз мақсадига эришди ва Жастин ҳисобни очди.
Шундан кейин эса «Лидс» чуқур ҳимояга ётишга қарор қилди ва бу хато қарор бўлиб чиқди. Ўйиннинг қолган қисмида мезбонлар рақибга бирорта хавфли вазият яратишга имкон беришмади ва ўз имкониятларидан фойдаланиб, ғалабани ўз томонига оғдирди. Аввалига жарима майдонида пайдо бўлган ҳимоячи Калафиори барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб, ҳисобни тенглаштирди. Бироз ўтиб захирадан тушган Бруно Гимарайш жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ғалаба голини урди. Энди Артета жамоаси очколар сони бўйича «Манчестер Сити»га етиб олди ва бугун «шаҳарликлар» «Ливерпул»га қарши ўйинда ютқазса, лондонликлар биринчи ўринга чиқиб олиши ҳам мумкин.
«Челси»нинг айрим мухлислари ёзда Ҳендерсоннинг трансферига шубҳа билан қарашганди, шанба куни «Борнмут»га қарши ўйинда эса ушбу 36 ёшли яримҳимоячи шундайларга жавоб қайтарди. Меҳмонлар дастлабки 3 дақиқа ичида икки гол ўтказиб юборишди – Ҳендерсон аввалига жарима майдони ташқарисидан қайтариб бўлмас зарба йўллади, кейин эса Роджерснинг голига ассистентлик қилди. Хаби Алонсо бошқарувидаги лондонликлар тезкор гол уришни анъанага айлантириб олишди: жорий мавсумда улар олти марта дастлабки ўн дақиқаликда рақиблар дарвозасини ишғол этишган.
Аммо олдинги ўйинларда «Челси» кўпинча бўлим давомида сустлашган ва рақибга ўйинга қайтиш имконини берганди. Бу сафар ҳам жамоа қаторасига 23-ўйинда гол ўтказиб юборди, аммо бу гол «Стэмфорд Бриж»да йиғилган мухлисларни ранжита олмади – бунгача Жоау Педро ҳисобдаги фарқни ошириб бўлганди. Ўйиндан олдин жароҳати туфайли майдонга тушиши сўроқ остида экани айтилган ушбу бразилиялик ҳужумчи шу куни дублни расмийлаштириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Палмер эса барча жарима зарбасини у ижро этишини кутиб турганида тўпни Ҳендерсонга бериб юборди ва ҳисоб янада йириклашди. Бу ғалабадан кейин «Челси» тўртинчи ўриндаги «Брентфорд»га очколар сони бўйича етиб олди.
Гордоннинг «Барселона»даги ишлари юришгандан юришмоқда. У ҳар ўйинда жамоадошлари учун вазиятлар яратмоқда ва голли паслар бермоқда, Ҳанси Флик у ҳали гол урмагани борасида навбатдаги ўйиндан олдин шундай деганди: «Голлар ҳам албатта бўлади». Гордон эса «Хетафе»га қарши ўйиннинг 78-сониясидаёқ рақиб ҳимоясини ёриб ўтди ва ла лиганинг жорий мавсумидаги энг тезкор гол муаллифига айланди.
Бўлим давомида эса Габриэл Жезус рақиб жарима майдони ичида совуққон ҳаракатланиб, ҳисобдаги фарқни оширди. «Арсенал»га керак бўлмай қолган ушбу бразилиялик Испанияда жавлон урмоқда: унинг кўк-анорранглилар сафидаги дарвоза соҳасига тўғри борган учта зарбаси ҳам голга айланди. Ямал эса шу куни «Барселона»нинг бу мавсум стартидаги саккиз ўйиннинг барчасида майдонга тушган ягона футболчисига айланди. Бу ўйинда Ламин ўз услубидаги узатмаси билан Кунденинг голига ҳаммуаллифлик қилди. «Барса»да жамоа сардори ва етакчиси Рафинянинг йўқлиги сезилмаяпти ва йирик ҳисобда ғалаба қозонишда давом этмоқда. Стартдаги саккизта ўйинда ҳам ғалаба қозонган каталонияликлар энг яқин таъқибчисидан беш очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Флик шогирдлари 1968 йил мавсумни қаторасига тўққиз ўйинда ғалаба қозониш орқали бошлаган «Реал»нинг рекордини такрорлаши учун яна бир ўйин қолмоқда (кейинги тур кучли учликдаги «Бетис»га қарши сафарда бўлиб ўтади).
«Атлетико» «Алавес»га қарши қийин ўйинда ғалаба қозонди ва камида «Бетис»нинг якшанба кунги ўйини якунигача иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Ёзги трансферлар вақтида эркин агент сифатида «Байер»дан келган ҳимоячи Грималдонинг кетма-кет иккинчи ўйиндаги голи ғалаба учун етарли бўлмади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда «матрасчилар» дарвозабони ишлатган фол туфайли пеналти белгиланди ва ҳисоб тенглашди. Диего Симеоне шогирдлари фақат ўйин охирларида ғалаба голини уришди. Ёзда «Тоттенҳэм»дан эркин агент сифатида келган бошқа бир ҳимоячи Ромеро Алекс Баэнанинг узатмасини голга айлантирди. Испания миллий жамоаси Мадриддаги иккинчи мавсумида юқори спорт формасини намойиш этмоқда ва дастлабки саккиз турдаги голли ҳаракатлари (4+2) бутун ўтган мавсумдагидан кўпроқ бўлмоқда.