13:18 / 06.02.2018
13781

«Умумий қулаш» - Amazon, Facebook, Google ва Netflix 90 млрд доллар йўқотди 

Фото: Getty Images

Энг йирик технология компаниялари - Facebook, Amazon, Alphabet ва Netflix’нинг бозордаги қиймати 5 февраль кунги савдолар ёпилиши якунлари бўйича 90,7 млрд долларга қисқарди. Пасайиш Америка бозорининг умумий «қулаши» фонида рўй берди, деб хабар қилмоқда CNBC.

Facebook, Amazon, Alphabet ҳамда Netflix акциялари савдоларнинг асосий сессияси ёпилишида 2,8 дан 5,1 фоизга қадар бўлган диапазондаги қисқаришни кўрсатди. Бозордаги қиймат бўйича Alphabet ҳолдинги энг катта йўқотишга учради - 39,5 млрд доллар.

Bloomberg Billionaires Index рўйхатидаги дунёнинг энг бадавлат 500 инсони бойлиги сўнгги суткада 114 млрд долларга қисқарди. 18 миллиардернинг ҳар бири 1 млрд доллардан кўпроқ маблағ йўқотган.

Berkshire Hathaway раиси Уоррен Баффетт энг катта зиён кўрди – у 5,1 млрд доллардан айрилди. Berkshire Hathaway Wells Fargo банкининг энг йирик акциядори саналади, банкнинг қимматли қоғозлари нархи эса 9,2 фоизга пасайди.

Facebook раҳбари Марк Цукерберг 3,6 млрд доллар йўқотди. Amazon асосчиси ва дунёдаги бой инсон Жефф Безос эса - 3,3 млрд доллар.

Америка бозорининг кескин пасайиши 2 февраль куни бошланди: S&P 500 индекси бир савдо кунида 2,1 фоиз, Dow Jones эса - 2,5 фоиз йўқотди. 

Top