Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Instagram’да хавфсизлик кучайди: энди аккаунтни қайтариш анча соддалашди
Instagram бузилган аккаунтларни тиклашни осонлаштириш учун янги сервисни ишга туширди. Эндиликда ўғирланган саҳифани қайтариш учун илованинг ўзида махсус бўлим пайдо бўлди, у ерда сунъий интеллект тиклаш вариантларини танлаб беради ва маълумотларни текширади.
instasecurity
Meta Instagram ва Facebook учун ягона ёрдам марказини ишга туширди. У профил билан боғлиқ муаммоларни, жумладан, ҳакерлик ҳужумидан кейин қайта киришни тиклаш имкониятларини бир жойга жамлайди. Бўлим iOS ва Android иловаларига қўшилган ва дунё бўйлаб фойдаланувчиларга босқичма-босқич чиқяпти.
Марказ орқали шубҳали фаоллик ҳақида хабар бериш, тиклаш сўровини юбориш ва сунъий интеллект асосида тезкор жавоб олиш мумкин. Илгариги мураккаб йўл ёрдам хизматигача боришни қийинлаштирарди, энди эса зарур функциялар вазиятга қараб автоматик равишда чиқади.
Хавфсизлик алгоритмлари ҳам янгиланди. Компания сўнгги бир йилда янги бузилишлар 30 фоиздан кўпроққа камайганини айтади. Тизим кириш уринишларини доимий кузатади ва шубҳали ҳаракатларни профилга зарар етказишидан олдин тўхтатади.

Тиклаш жараёни энди мослашувчан ҳолда ишлайди. Тизим одатий қурилмангизни, доим кириб турадиган жойларингизни яхши таниб олади. Агар шубҳали ҳолат кузатилса, фойдаланувчига SMS ёки email огоҳлантиришлари юборилади. Айрим ҳолларда кодни киритиш кифоя, бошқа вазиятларда қисқа селфи-видео сўралиши мумкин. Бу мажбурий эмас, лекин шахсни аниқлашни осонлаштиради.
Илованинг Security Checkup бўлими ҳам янгиланган. Энди икки босқичли ҳимояни ёқиш, фаол сессияларни текшириш ва кераксиз қурилмаларни ўчириш янада қулай. Шунингдек, парол ўрнига passkey технологияси, яъни бармоқ изи, юзни таниш ёки PIN орқали кириш тавсия этилмоқда. Бу фирибгарларга имконият қолдирмайди.
Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Телеграм саҳифасини кузатиб боринг