«АЛЛО, ОЙИ»

Зарбам рақиб дарвозаси тўридан жой олиши ҳамоно, телефоним жиринглайди. Фарқи йўқ ўша пайтда онам уйда бўладими ёки стадионда, ҳар сафар у менга қўнғироқ қилади. Шунинг учун ҳам, мен гол уришим билан бурчакка югураман ва кафтимни қулоғимга тутаман: «Алло, ойижон!»

Фото: Gettyimages.ru

Манчестерга энди келганимда, кўпчилик голларни нега бу тарзда нишонлашимга қизиққан ва доим бу ҳақида сўрашарди. Қисқа қилиб жавоб бериш мумкин: мен шунчаки онамни яхши кўраман ва у доим менга қўнғироқ қилади. Тамом.

Аслида эса, бунинг узоқ тарихи бор. Анча узун тарих, ҳов ўша мен катта орзули  кичкина болакай бўлган пайтларга тўғри келади. Бразилиядаги ҳар бир болакай каби. Мен кабилар кўп эди, лекин айтишим керакки, омадим келган – бир қатор суперқаҳрамонларни шахсан танирдим. 

СУПЕРҚАҲРАМОНЛАР ЮРТИ
Мен Сан-Паулунинг Пери Жардим туманида катта бўлдим. У ердаги кўпчилик учун ҳаёт бу – яшаш учун ҳақиқий кураш. Онам жуда кўп ишларди, шунинг учун бизнинг оиламизда у қадар кўп бўлмасада, доим ейиш учун бирор нарса топиларди. Мен билан бирга катта бўлган кўп ўртоқларимда аҳвол чинданам ёмонроқ бўлган.

Баъзида улар бир кунда бир маҳал, стадионга келганларида овқатланишарди. Менимча, кўпчилик футбол ўйнашдан ҳам кўра, шу ерда текин бутерброд ва газли сув учун ҳам келишарди. Баъзида ўша бутербродлар ҳам бўлмас, газли сув билан кифояланиларди.

Ҳаммаси «Пекениньос»да бошланган. Бу сўз «болакайлар» маъносини англатади. Аслида эса, ҳаммаси жуда жиддий бўлган, ўйламанг, бу Бразилия, сув, пляж деб, йўқ, стадионимиз ҳарбий қамоқхонанинг ёнгинасида, ҳаммаёқ чанг, умуман майса ўсмасди. У ерда болалардан ташқари, фақат ўша қамоқхона хизматчилари футбол ўйнашарди холос.

Тўққиз ёшимда дўстим Фабиньо билан ўша ерга бордик ва жамоада ўйнай оламизми, йўқми, қизиқиб кўрмоқчи бўлдик. Қўлимизда бутса, ўрмон бўйлаб юриб бордик ва айнан ўша куни биз ҳаётимизни ўзгартириб юборган инсонни учратдик. «Албатта ўйнай оласизлар, кейинги ўйинга келинглар» - деди Жозе Мамеде. У жамоанинг болалар таркибининг мураббийи экан.

Ҳеч қандай қоғозбозлик, шартномалар, ҳеч нарса бўлмади. Чунки бу жамоа болалар футболи орқали фойда қилишни кўзламас, шунчаки, бизга ижобий ҳислар улашишни ният қилганди холос. Кўчадаги болаларни бир жойга тўплаш, ҳеч бўлмаса, футбол ўйнашсин, бирор нарса еб олишсин, шу. «Пекениньос» – бу клуб ҳақида ҳеч қачон эшитмагансизлар, лекин айтишим керак, улар мўъжизалар яратишади ва яратишмоқда.