Фан-техника | 08:49 / 10.02.2018
12513
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги биринчи денгиз қуёш электр станциясини ким қуриши маълум

Фото: EAST NEWS

Голландия компаниялари консорциуми Шимолий денгизда ҳаракатланадиган, қуёш электр станцияси лойиҳасини амалга оширмоқда. У яқин уч йил ичида оддий қуёш панелларидан фойдаланган ҳолда қилинади. Консорциумнинг тахминича, очиқ денгиздаги станция ҳозирги қурилмалардан 15 фоизга самаралироқ бўлади, деб ёзмоқда PV Magazine.

Голландиянинг қайта тикланувчи электр энергияни ишлаб чиқиш бўйича сузиб юрувчи тизимларга ихтисослашган Oceans of Energy стартапи очиқ денгизда ҳаракатланадиган қуёшли электр станцияни қуриш учун бешта йирик компания билан бирлашди. «Бундай электр станциялар турли мамлакатларнинг қитъа қисмидаги сув ҳавзаларида ишламоқда. Бироқ денгизда у ҳали қурилмаган – бу жуда мушкул вазифа. Катта тўлқинлар ва табиатнинг бошқа вайронакор кучлари билан тўқнаш келишга тўғри келади. Бироқ, биз ишонамизки, ўз билим ҳамда тажрибамизни бирлаштириб, бу лойиҳани амалга ошира оламиз», - дея айтиб ўтди Oceans of Energy раҳбари Аллард ван Хоекен.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сузиб юрувчи электр станция ҳозирги қурилмалардан 15 фоизга самаралироқ бўлади. Нидерландия энергетика тадқиқотлари маркази (ECN) энг мос тушадиган қуёшли модулларни танлаб олади. Унинг мутахассислари фикрича, бу лойиҳа учун оддий қуёш панелларидан фойдаланиш мумкин. «Кўрамиз, улар денгиз суви ва ноқулай об-ҳаво шароитларида ўзини қандай тутар экан», - дея таъкидлаб ўтди ECN вакили Ян Кроон.

Консорциум вакилларининг таъкидлашича, сузиб юрувчи қуёш электр станцияни денгиз шамол турбиналари ўртасида жойлаштириш мумкин. У ерда анча сокин тўлқинлар ва электр узатиш тармоқлари ҳам ўтказилган. Яқин уч йил ичида консорциум прототип устида Нидерландия тадбиркорлик давлат агентлиги молиявий кўмаги билан ишлайди. Утрехт университети эса стартапга тадқиқотлар учун материаллар тақдим этади.

Мавзуга оид