14:30 / 11.02.2018
20754

Жанубий Корея президенти КХДРга бориши мумкин, фақат...

Фото: Reuters

Корея Республикаси бош вазири Ли Нак Ён Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўртасида учрашув ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига ва бу масалада жаҳон ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлашига умид билдирди. 11 февраль куни КХДР делегацияси билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ли Нак Ён шундай баёнот билдирди.

"Умид қиламанки, Жануб ва Шимол етакчилари учрашуви учун муносиб шарт-шароитлар яратилади. Бунинг учун икки томон ҳам фаол ҳаракат қилиши керак. Ўйлайманки, халқаро ҳамжамият ҳам буни қўллаб-қувватлайди", - дея вазирнинг сўзларини келтиради Yonhap агентлиги. Бундан ташқари, у Жанубий Корея ва КХДР ўртасидаги узвий алоқалар Пхёнчхандаги қишки Олимпиададан кейин ҳам давом этиши кераклигини таъкидлаган. 

КХДР делегацияси таркибига, хусусан, Олий халқ кенгаши (парламент) президиуми раиси Ким Ён Нам ва мамлакат етакчиси Ким Чен Иннинг туғишган опаси Ким Ё Чжон киради. Ўтган шанба улар Мун Чжэ Ин билан учрашув ўтказишган.

Ким Ё Чжон ва Мун Чжэ Ин. Фото: Yonhap

Музокараларнинг энг асосий дақиқалари Ким Чен Иннинг мактуби ва оғзаки мурожаатини етказиш бўлган - унда КХДР етакчиси қисқа муддатларда икки томонлама саммит ўтказиш учун Жанубий Корея президентини Пхеньянга таклиф қилган. Корея Республикаси маъмуриятига кўра, Мун Чжэ Ин мазкур таклифга жавобан КХДРга бориши мумкинлиги, фақат бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилиши кераклигини маълум қилган.

Жорий йилнинг бошида Сеул ва Пхеньян муносабатларида илиқлик пайдо бўлди. Томонлар Пхёнчхандаги қишки Ўйинларга КХДРдан амалдорлар ва артистлар делегацияси боришига келишиб олишган, шундан сўнг Халқаро Олимпия Қўмитаси мусобақаларда шимолий кореялик спортчиларнринг иштирокини ҳам мувофиқлаштирган. 

Top