Аввал хабар берганимиздек, Сиэтлнинг рамзи бўлган кузатув минораси – Space Needle яқинида, ҳар йилги озиқ-овқат фестивалида содир бўлган бу отишмада уч киши ҳалок бўлган ва бир нечта инсонлар яраланган. Жароҳат олганлар орасида 2 ёшли бола ҳам бор. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, икки қуролланган шахс бир-бирига қарата ўқ узган. Бир гумонланувчи воқеа жойида қўлга олинган, иккинчисини эса қидирув ишлари давом этмоқда. Фойдаланилган иккала ўқотар қурол ҳам воқеа жойидан топилган.
Воқеа юзасидан Kun.uz нинг АҚШдаги журналисти Вашингтон штатидаги консулликка уланди. Бош консул Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, жабр кўрганлар ёки отишмани содир этганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ. Биз дарҳол алоқага чиқдик, дейди у.
“26 июль куни кечки 18:00 ларда Сиэтлда қуролли тўқнашув юзага келди. Ушбу қуролли тўқнашув оқибатида ҳалок бўлганлар бор. Бу хабарни биз эшитишимиз билан дарҳол Сиэтл ҳокимлиги билан, кейин Сиэтл полицияси билан алоқага чиқдик. Алоқамиз натижасида улар бизга мана ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини тасдиқлаб беришди. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам ушбу ҳодисада иштирок этмаганлиги маълум бўлди. Олинган маълумотларга асосан, ушбу ҳодисани юзага келтиришда иккита ёш йигит айбдор ҳисобланади. Биттасини ушлашган, 15 яшарли йигит. Иккинчисини ҳали ушлашмаган, ҳозирда қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Биз бу масала бўйича доимий алоқадамиз ҳокимлик вакиллари билан”, дейди Бурҳонов.
Консуллик ўз саҳифаларида ватандошларимизни оммавий тадбирлар ва гавжум жойларда алоҳида эҳтиёткор бўлишга, маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари кўрсатмаларига доимий амал қилишга чақирди. Консуллик округига эса Монтана, Айдаҳо, Орегон штатлари ҳам киради.
Эслатиб ўтамиз, Сиэтл мери воқеани “дахшатли зўравонлик” деб атаб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Полиция эса айни пайтда жамоатчиликка хавф йўқлигини маълум қилган.
Bite of Seattle ҳар йилги фестиваль бўлиб, юз минглаб сайёҳларни ўзига жалб қиларди. Масалан, бу йилги тадбирда 350 минг киши қатнашгани айтилади.
Полицияга кўра, ҳалок бўлганлардан иккитаси эркак киши – 19 ва 44 ёшда, биттаси эса аёл киши бўлиб, у 56 ёшда бўлган. Сиэтлда давлат байроқлари фожиа муносабати билан бугундан бошлаб ярим метрга пастга туширилди.










