Ўзбекистон Президенти мамлакатда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб, тегишли қарор ва фармонларни имзоламоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу йўлда тинмай ҳаракат қилмоқда. Чет эллик сармоячи ва ишбилармонлар Ўзбекистонга келиб, бу ерда туризмни ривожлантиришга қўлдан келганича ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришмоқда, бироқ... биз бунга тайёрмизми? KUN.UZ мухбири шу ҳақида сўз юритади.
12 февраль куни пойтахтдаги Wyndham меҳмонхонасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Халқаро Пресс-клуб кўмагида ташкил этилган муҳокамалар доирасида Туркиянинг Анталия, Бурса, Измир, Анқара, Кўния, Қайсери вилоятларининг Маданият ва туризм бошқармалари бошлиқлари, Истанбул шаҳар ҳоким ўринбосари, Туркия саёҳат агентликлари уюшмаси (TURSAB) вакиллари ва қатор компаниялар раҳбарлари иштирок этишди ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини юқори баҳолашди. Улар бугунги кундаги ижобий ўзгаришларни қайд этган ҳолда, туризм ривожи йўлида ғов бўлаётган асосий тўсиқларга тўхталиб ўтишди ҳамда уларни енгиб ўтишга доир маслаҳатлари билан бўлишишди.

Хўш, туркиялик экспертларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга нималар тўсқинлик қилмоқда?
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" чипталари нархлари юқорилиги
Туризмни ривожлантириш учун шу мамлакат парвозларини амалга оширувчи самолёт чипталари ҳамёнбоп бўлиши керак. Акс ҳолда, мамлакат ичкарисида қандай ҳаракат қилинмасин, ташқаридан сайёҳлар Ўзбекистонга қанчалик интилмасин, чипталар нархининг юқорилиги ҳар қандай сайёҳнинг йўлида катта тўсиқ бўлиб тураверади. Туркиялик экспертлар ҳаво йўлларида рақобатбардошлик бўлиши кераклигига ишора қилишди. У ерда сайёҳлар тайёр турса-ю, бизда шароитлар етарли бўлмаса, бунақаси ҳам кетмайди.
Керакли қонунлар ишлаб чиқилиши
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи қонунлар ишлаб чиқилиши керак, дейди туркиялик экспертлардан бири. Шунингдек соҳани қўллаб-қувватлаш баробарида уни молиялаштириш ва унинг манбаларини таъминлаш ҳам қонун билан белгиланиб қўйилиши кераклиги таъкидланди.
Ҳожатхоналар масаласини ҳал қилиш
Ҳар қанча аянчли бўлмасин, мамлакатимизда бу масалага шу кунга қадар жиддий эътибор қаратилмаган. Бундан аввалги тадбирларда ҳам юртимиздаги ҳожатхоналарнинг тартибсизлиги, уларнинг "ҳидидан топиб борилиши" ҳақида гапирилган. Бу уят бўлса-да, бор муаммо. Юртимизга келаётган сайёҳлар сонини оширмоқчи эканмиз, ҳатто шу каби "майда" жиҳатларга ҳам эътиборли бўлишимиз шарт. Бунга ҳар бир фуқаро масъул бўлиши керак.















