Янги тақдим этилган Galaxy S9 ва S9+’га қараб шундай фикрга келиш мумкинки, бу сафар Жанубий Кореянинг Samsung компанияси худди ўтган йилги моделларга ўхшаш қурилмаларни тақдим этди. Бироқ, барчаси кичик деталлар билан фарқланади.

Ҳа, ушбу моделлар S8 ва S8+’га жуда ўхшайди. Ўша экран, ўша бурчаклар. Бироқ яқинроқдан олиб қаралганда, олдимизда ҳақиқатдан ҳам янги қурилмалар турганини кўришимиз мумкин. Айниқса бу қурилмаларнинг янги камераларида намоён бўлади.
Galaxy қаторидаги янгиликнинг кичик версияси 5,8 дюймли экранга эга. Каттасида – 6,2 дюймли дисплей. Экран томонларининг нисбати ҳар бир қурилмада 18,5:9’га тенг. Ҳар иккиси 2960 x 1440 пиксель кенгликка эга. S9 моделида пикселлар зичлиги бир дюймга 570ни ташкил этади, S9+’да бироз камроқ - 529 ppi.

Бармоқлар изи сканери энди камера модули остида жойлашган. Samsung’дан таъкидлашларича, қурилмалар стереодинамикларида товуш сифатини яхшилаш бўйича катта ишни амалга оширишган. Янги қурилмаларда AKG динамикларидан фойдаланилди, улар Galaxy S8’дан 40 фоизга баландроқ. Бундан ташқари, динамиклар ҳажмли товушни берувчи Dolby Atmos 3D технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Компания юзни фарқлаш сканери ишини ҳам яхшилади. Samsung янги қурилмаларда «ақлли сканерлаш» технологиясини тақдим этган, у ўз ичига бирданига икки бошқа технологияни бирлаштирди. Энди телефон қайси технологиядан фойдаланишни ўзи ҳал қилади. Кам ёритилган жойда – кўз пардаси сканери ишга тушади. Жуда ёруғда эса – юзни фарқлаш сканери.

S9 ва S9+ янги моделларидаги энг катта ўзгаришлар ташқи камераларда юз берди. Айни дамда бозорда бўлган барча смартфонлар объективнинг қайдланган диафрагмасига эга бўлса, S9 ҳамда S9+’нинг 12 мегапикселли камераси бирданига икки диафрагма ва оптик барқарорлаштиришга эга «Super Speed Dual Pixel» камерасига эга.




























