Декабрь ойида Криштиану Роналду Чемпионлар лигаси рекордини ўрнатди – у турнирнинг гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда гол урди. Аммо «Реал» ҳужумчисининг самарадорлик кўрсаткичи ЕЧЛ плей-оффида ҳам давом этмоқда. Португалиялик футболчи 1/8 финалда «ПСЖ»га қарши ўйинларда 3та гол урди. Энди «Олтин тўп»нинг 5 карра соҳибида жорий мавсумдаги 8 ўйинда урилган 12 гол бор! Таққослаш учун, бу мавсумда «МЮ» ЕЧЛ ўйинларида 12та гол урди, «Севилья»да 12, «Барселона»да 10, «Рома»да 10, «Ювентус»да 9та гол.
Роналду турнирнинг аввалги мавсумларида «қаймоқранглилар» жамоаси учун қанчадан гол урган?
2009/10 йилги мавсум – 7 гол
«Реал»даги биринчи мавсумида португалиялик футболчи жамоа билан 1/8 финалгача етиб борган, шу босқичда мадридликлар икки учрашув натижасига кўра «Лион»га мағлуб бўлган. Роналду турнирнинг ўша мавсумида фақат 6 ўйинда қатнашган (икки ўйинни у товонидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборганди) ва жами 7 гол урган. У гуруҳ босқичида «Марсель»га икки марта дубль қайд этган «Цюрих» дарвозасини икки марта ишғол этган, еттинчи голни «Лион»га урган.
2010/11 йилги мавсум – 6 гол
Кейинги йили Криштиану Чемпионлар лигасида 12 ўйин ўтказди. «Реал» ярим финалга чиқди ва «Барселона»га дуч келди. Каталонлар жамоасига қарши ўйинларда у гол урмади, чорак финалда «Тоттенҳэм»га қарши ҳар икки ўйинда биттадан гол урди. Бундан ташқари у «Аякс»га иккита, «Милан» ва «Осер»га биттадан гол урганди.
2011/12 йилги мавсум – 10 гол
«Реал» ва Роналду яна ярим финалда тўхтатилди, бу сафар «Бавария» томонидан. Криштиану гуруҳ босқичида икки ўйинда қатнаша олмади. У 10 ўйинда 10та гол урди. Португалиялик футболчи бу ўйинларда 4 марта дублга эришди – «Лион», ЦСКА, АПОЭЛ ва «Бавария»га қарши ўйинларда. У шунингдек, «Аякс» ва ЦСКА билан бўлган ўйинларда биттадан гол урди.
2012/13 йилги мавсум – 12 гол
«Реал» яна Чемпионлар лигаси ярим финалида юришини тўхтатди, Юрген Клопп бошчилигидаги Дортмунднинг «Боруссия»си бу сафар мадридликлар йўлидан чиққанди. Роналду бу мавсумда ҳам ҳар ўйинда ўртача биттадан гол урганди. Гуруҳ босқичида у тўрт марта «Аякс» дарвозасини ишғол қилди (Амстердамда ҳет-трик ва Мадридда битта аниқ зарба), «Манчестер Сити» ва Дортмунднинг «Боруссия»сига биттадан гол урди. Плей-оффда Криштианудан унинг собиқ клуби «Манчестер Юнайтед» жабрланди (икки марта), у «Галатасарой»га (учта) ва Дортмунднинг «Боруссия»сига (битта) ҳам голлар урди.









