Ўзбекистон футбол ассоциацияси тахминан 4 ойдан бери Равшан Ҳайдаров бошчилик қиладиган терма жамоани олимпия терма жамоаси деб атаб келади. Расмий сайтда бу жамоа доимий равишда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси деб юритилади.

Бугун худди шу ташкилот расмий манбасида Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Саудия Арабистони терма жамоасига қарши водийда бўлиб ўтиши лозим бўлган учрашувлари бекор қилингани хабар қилинди:

«Ўзбекистон олимпия терма жамоаси шу йилнинг март ойида Саудия Арабистонига қарши иккита ўртоқлик ўйини ўтказиши ҳақида аввалроқ маълум қилган эдик. Аммо Ўзбекистон ОТЖ март ойида Саудия Арабистонига қарши эмас, Кения U-23 терма жамоасига қарши баҳс олиб борадиган бўлди», дейилади расмий маълумотда.

Қўшимча сифатида ЎФА 1-вице президенти Умид Аҳмаджоновнинг қисқача изоҳи келтирилган. Аҳмаджоновнинг фикрича, Саудия Арабистони биз учун кучли рақиб эмас экан:

«Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа олдига Токиода бўладиган Олимпиадага йўлланма олиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли улар Олимпия ўйинлари саралашига жиддий тайёргарлик кўриши учун кучлироқ рақиб билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Саудия Арабистонига ҳурмат сақлаган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, ушбу терма жамоа Осиё вакили. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса Осиёда тенгсиз эканини Хитойдаги мусобақада исботлаб бўлди.

Африка терма жамоалари жисмоний жиҳатдан анча бақувват ва кучли рақиб ҳисобланишади, қолаверса, ўз олдига Токио Олимпиадасига йўлланма олиш вазифасини қўйган Ўзбекистон ОТЖ учун ҳам бу терма жамоа билан ўйин ўтказиш анча қизиқарли ва фойдали бўлади».

Хўп, буниси тушунарли. Демак Кения терма жамоаси кучли деб ҳисоблашган. Бунга мен ҳам осонгина ишониб кетишим мумкин эди. Йўқ. Ўзимдаги саволларга жавоб бериш учун интернетни титкиладим ва жавоб топдим. Бугун Кения U-23 терма жамоасининг ўзагини ташкил қилиши лозим бўлган, Токио олимпиадаси саралашида қатнашадиган терма жамоа ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2017да иштирок этмаган. Иштирок этиш тугул ЖЧ йўлланмаси ўйналадиган 20 ёшгача Африка чемпионатига чиқа олмаган жамоа экан. Таққослаш учун айтаман. Бугунги Саудия Арабистони U-23 терма жамоаси бир йил олдин ўша жаҳон чемпионатида иштирок этган. Нафақат иштирок этган, балки нимчорак финалга қадар етиб борган ва у ерда кейинчалик ярим финалгача етиб борган Уругвай терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйган. Биз кучли деб қараётган Кения терма жамоаси эса мундиалга чиқиш тугул, саралаш вазифасини ўтайдиган қитъа чемпионатига ҳам чиқа олмаган. Тасаввур қилиб кўрдингизми қандай кучли терма жамоа билан ўйнаётганимизни?

Майли, келинг Кениянинг мақсади олимпиадага йўлланма олиш эмас деб ҳисоблаб турамиз. Шу маънода U-23 терма жамоаси ҳозиргача 1995 йилда туғилган футболчиларни ҳам ўйнатади, деб ҳисобладим ва 2015 йилдаги мусобақаларни ҳам кузатдим. Ўша-ўша гап. Кения терма жамоаси икки йил олдинги мусобақада ҳам ҳаттоки ЖЧ саралаши бўлган Африка чемпионатига чиқа олмаган. Қани бизга ваъда қилинган кучли жамоа бу ерда? Бу биринчидан.