15:50 / 09.03.2018
20137

Ўзбекистоннинг Саудияга қарши ўйинлари бекор қилинди. Рақиб ўзгарди

Фото: The-afc.com

Шу йилнинг март ойида белгиланган Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Саудия Арабистонига қарши иккита ўртоқлик ўйини бекор қилинди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, эндиликда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси март ойида Саудия Арабистони ўрнига Кения U-23 терма жамоасига қарши баҳс олиб борадиган бўлди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўйинларнинг бекор бўлишини Саудия Арабистони вакилларининг кучсиз экани билан изоҳлаган.

«Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа олдига Токиода бўладиган Олимпиадага йўлланма олиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли улар Олимпия ўйинлари саралашига жиддий тайёргарлик кўриши учун кучлироқ рақиб билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Саудия Арабистонига ҳурмат сақлаган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, ушбу терма жамоа Осиё вакили. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса Осиёда тенгсиз эканини Хитойдаги мусобақада исботлаб бўлди.

Шу сабабдан Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Ўзбекистон учун кучлироқ рақиб топиш бўйича музокараларни давом эттирди ва Африканинг кучли терма жамоаларидан бири бўлган Кения U-23 терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишувга эришди.

Африка терма жамоалари жисмоний жиҳатдан анча бақувват ва кучли рақиб ҳисобланишади, қолаверса, ўз олдига Токио Олимпиадасига йўлланма олиш вазифасини қўйган Ўзбекистон учун ҳам бу терма жамоа билан ўйин ўтказиш анча қизиқарли ва фойдали бўлади.

23 март куни Андижонда, 26 март куни эса Фарғонада Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 кениялик тенгдошларига қарши баҳс олиб боришади. Ҳар икки ўйиннинг бошланишини мухлислар учун қулай бўлган вақт - соат 20:00га белгиладик», - дея Аҳмаджоновнинг сўзларини келтиради ЎФА расмий сайти.

Top