Фан-техника | 08:16 / 12.03.2018
6761
2 дақиқада ўқилади

3D-принтерларда ноёб протезларни яратиш усули ўйлаб топилди

Фото: Unlimited Tomorrow

АҚШда истиқомат қилувчи 22 ёшли ихтирочи йирик корпорациялар билан ҳамкорликда ноёб протезларни яратмоқда. Истон ЛаШапель биринчи роботлаштирилган қўл протезни 14 ёшида тайёрлаган, орадан саккиз йил ўтиб эса замонавий технологик протезларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган Unlimited Tomorrow компаниясига асос солди.

Бугунги кунда унинг компанияси Microsoft, Dassault Systèmes ва Stratasys каби технологик гигантлар билан ҳамкорлик қиляпти, ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда. Хусусан, Stratasys Unlimited Tomorrow билан биргаликда уч ўлчамли босма хизмати бўйича эксклюзив ҳамкор-провайдер компанияга айлантириш, илмий тадқиқотларни олиб боришни ташкил этмоқда.

Unlimited Tomorrow’нинг якуний мақсади 3D-принтер ёрдамида роботлаштирилган протезни ишлаб чиқиш, у бозордаги бошқа маҳсулотлардан анча арзонроқ туриши керак ва инсоннинг эҳтиёжларига идеал даражада мос тушиши лозим.

«Агарда баъзи гайкалар, болтлар ва электрон механизмлар ҳисобга олинмаса, унда қурилма бутунлай 3D-принтерда яратилади», - дейди ЛаШапель.

Бу шунчаки протез эмас. Stratasys компанияси 3D-принтерларида қўлланилувчи PolyJet технологияси Unlimited Tomorrow’га инсон териси ранги ва ҳаттоки сепкил каби ўзига хос жиҳатларга эга бўлиши мумкин бўлган роботлаштирилган қўлни яратиш имконини беради. Бу қўллар магнит «тирноқлар»га ҳам эга, уларда маникюр қилиш мумкин. Шунингдек, роботлаштирилган қўлни масофадан туриб қувватлантириш имкони бор, унинг тактиль алоқаси фойдаланувчига юзани сезиш имконини беради.

Компания ўз моделини биринчи прототип ёрдамида текширди – энди у кенг кўламда ишлаб чиқарилишга тайёр. Unlimited Tomorrow Indiegogo краудфандинг платформаси билан ҳамкорликда маблағ йиғиш бўйича кампанияни ишга туширди ва 2018 йилнинг охиригача 100та шундай протезни яратмоқчи. Келажакда компания индивидуал маҳсулотларни тез тайёрлаш имконини тақдим этадиган жараённи ишлаб чиқмоқчи.

Мавзуга оид