Фуқаролар йиғинларида энди диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими бўлмайди
2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур Низом билан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиснинг вазифалари белгиланди.
Хусусан:
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш;
ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;
хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш;
меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш;
оилаларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш ва тиббий маданиятини ошириш;
оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўриш амалий ишларни амалга оширади.
Мутахассис лавозими оилалар сони 2000гача бўлган фуқаролар йиғинида 1тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2тадан жорий этилади.
Мутахассис меҳнатига Ягона тариф сеткасининг 7-разряди бўйича ҳақ тўланади.