KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Хива тумани, Янгиобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат тушди.

Хатда Хива шаҳри марказидан Янгиободга (собиқ Қосмобод) қатнайдиган ДАМАС русумли маршрут таксилари йўлкира нархини 1000 сўмдан 1500 сўмга оширгани, натижада, кам даромадли оилалар, талабалар, кексалар қийналиб қолгани, шунинг учун ҳам, маршрутга автобус қўйилишида амалий ёрдам бериш сўралган.

Муаммони ўрганиш учун Янгиобод шаҳарчасига бордик, мутасадди ташкилотларнинг вакиллари, раҳбарлари билан суҳбатлашдик.

Янгиобод шаҳарчаси Хива шаҳри марказидан 6-7 км узоқликда жойлашган. Бу йўналиш бўйича ҳаракатланувчи йўловчиларнинг оқими жуда яхши. Айни пайтда, 4-маршрут орқали Хива - Янгиобод йўналиши бўйича жуда кўп ДАМАС русумли маршрут таксилари ҳаракат қилмоқда. Йўлкира ҳақи 1500 сўм эканлиги рост.

Шаҳарча аҳолиси билан бўлган суҳбатда, ҳақиқатдан ҳам автобусга эҳтиёж бор экани маълум бўлди. Хусусан, фуқаролардан бири ўз фарзандларини Хива шаҳридаги рус тилига ихтисослашган мактабда ўқитаётгани, уларнинг қатнови учун маршрут таксилари 1000 сўм олса ҳам, оила бюджетига оғирлик қилаётганини айтди.

«Агар автобус қўйилса, бир ойда анча-мунча маблағни иқтисод қилардик. Бундай оилалар жуда кўп» - деди у.

Йўлкира ҳақининг ошишидан талабалар, кексалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг бошқа вакиллари ҳам қийналиб қолган.

«Урганч шаҳрига борсак, 700 сўм тўлаб автобусда юрамиз. Бу ерда эса ДАМАСларга 1500 сўм тўлаяпмиз, биз талабалар учун оғирлик қиляпти», - дейди Беҳзод исмли йигит.

Хива - Янгиобод йўналишига автобус қўйиш масаласи бўйича Дарё ва транспорт агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси раҳбари Рўзметов Руслан билан суҳбатлашдик.

«Бошқарма ишчилар гуруҳи Янгиободга бориб, йўналишни ўрганиб қайтишди. Йўловчи оқими юқори экани аниқланди. Йўл идораси ва ДАН ходимлари хулосасини ҳам олдик. Биз бу йўналишни автобус қўйишга лойиқ деган қарорга келдик.

Айни пайтда, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарнинг барчаси хусусий бўлган. Биз уларга «мана шу йўналишга автобус қўйиш керак» деб фақат тавсия бера оламиз. Корхоналар ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда бу ишни амалга оширишади.

Бу борада Хива шаҳрида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи «Мирзабек Авто» МЧЖ раҳбариятига мурожаат қилганмиз. Хива - Янгиобод йўналишига автобусларни қўйиш уларнинг режасига киритилди», - деди Рўзметов.