Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг меҳнат таълими ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекееванинг вафоти барчани чуқур қайғуга солди.

Воқеанинг тафсилотлари, келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ҳақида ортиқча гапирмоқчи эмасман. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: мактаб ўқитувчиси ҳашар ишларига жалб қилинган вазиятда вафот этса, унинг оиласига зарар, яъни халқ тили билан айтганда товон пули тўланадими? Келинг, шу масалани батафсил кўриб чиқамиз.

Иш берувчи қандай зарарларни тўлаши керак?

Меҳнат кодексининг 192-моддасига биноан ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

193-моддасида эса зарар миқдори кўрсатилган бўлиб, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Демак, Диананинг ўғли 16 ёшга тўлгунча онасининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида зарар тўловини олиши керак.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 194-моддасига биноан ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бирйўла бериладиган нафақа тўлаши ҳам керак бўлади. Масалан, бу миқдор ўртача 1 миллион сўм иш ҳақи оладиган ходим учун 72 миллион сўмни ташкил этади.

Етказилган зарарни тўлаш тартиби қандай?

Энг аввало Диананинг ўлими ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими деган саволга жавоб топиш керак. Бунинг учун бахтсиз ҳодиса махсус текширувдан ўтказилиши лозим.

Бундай текширув Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилади.

Махсус текшириш вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси буйруғига асосан шакллантирилган комиссия томонидан ўтказилади.