Жаҳон | 18:40 / 26.03.2018
89568
3 дақиқада ўқилади

АҚШ, Украина, Германия, Франция, Польша, Литва, Латвия, Эстония, Чехия ва бошқалар. Ғарбдан юриш 

Буюк Британия ва Россия ўртасидаги дипломатик инқироз халқаро миқёсга кўтарилди.

Бугун Буюк Британияга иттифоқчи бўлган қатор давлатлар кетма-кет равишда Россия дипломатларини ўз ҳудудларидан чиқариб юборишларини эълон қилишди.

Хусусан, расмий Вашингтон Буюк Британияда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши ортидан юзага келган можаро туфайли 60 нафар россиялик дипломат АҚШ ҳудудидан чиқариб юборилиши ҳақда маълум қилди.

«Биз дипломатик миссиянинг 48 ходими ҳамда БМТ миссиясининг 12 ходимини чиқариб юборишга қарор қилдик. Жами бўлиб 60 дипломат», деган Оқ уйнинг юқори мартабали вакили.

Бундан ташқари, АҚШ Сиэтлдаги Россия бош консулхонасини ёпмоқда. Бу «консулхона сув ости кемалари базаларидан бирига яқинлиги» билан изоҳланди.

Шунингдек, Украинани 13 нафар, Польша, Германия ва Францияни 4 нафардан, Чехияни 3 нафар, Дания ва Нидерландияни 2 нафардан, Литва, Латвия ва Эстонияни бир нафардан россиялик дипломат тарк этади.

Европа Иттифоқи кенгаши раҳбари Дональд Туск ҳам «Скрипаль иши» борасида Лондон билан бирдамлик кўрсатиб, ташкилотнинг 14 давлати россиялик дипломатларни қайтариб юборишга қарор қилганини маълум қилди.

«Бугуннинг ўзида ташкилотга аъзо 28 давлатнинг 14таси россиялик дипломатларга жавоб бериб юборишга қарор қилди», деган у журналистларга.

Жосусга суиқасд. Буюк Британия Скрипалнинг заҳарланиши ортида Россия турганини айтиб, ультиматум қўйди

Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида 4 март куни Британия фойдасига ишлаган собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия беҳуш ҳолда топилди. Буюк Британия ҳукумати бу суиқасд ортида Россия турганини маълум қилиб, Москвадан изоҳ сўради. Россия томони эса бу сўровни эътиборсиз қолдирди, шундан кейин, 14 март куни Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилишини эълон қилди. Россия бунга жавобан Буюк Британиянинг 23 нафар дипломатини ватанига қайтарди. Бир неча кун ўтиб эса Россияни ЕИ элчиси тарк этди.

«Ҳукм ўқилди. Энди ижро этилади». Лондон «Скрипаль иши» доирасида Москвага кескин жавоб қайтарди

Мавзуга оид