«Tribuna.Uz» сайти 2018 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этади. Бугун эътиборингизни Исландияга қаратамиз.

ИСЛАНДИЯ:
Мустақиллиги: 1 декабрь 1918 йил
Расмий тили: исланд тили
Пойтахти: Рейкявик
Бошқарув тизими: Парламент республикаси
Аҳолиси: 322 минг (дунёда 172-ўрин)
Валюта: исланд кронаси

ТЕРМА ЖАМОА:

Фото: XSPORT.ua

Лақаби: «Бизнинг йигитлар»
Конфедерация: УЕФА
Бош мураббий: Хаймир Хадлгримссон
Жамоа сардори: Арон Гуннарсон
Энг кўп ўйин ўтказган: Рунар Кристинсон (104)
Энг кўп гол урган: Эйдур Гудйонсен (26)
ФИФА рейтингидаги ўрни: 18 (15 март ҳолатига)
Энг йирик ғалабаси: Мальта - 5:0 (2000)
Энг йирик мағлубияти: Дания - 2:14 (1967)
Европа чемпионати: Чорак финал (2016)
Жаҳон чемпионати: Илк марта қатнашади

Сўнгги икки йилда Исландия ҳақида гапирмаган одам қолмаган бўлса керак. Футболдаги муваффақиятларни мамлакат салоҳияти, аҳолиси ва бошқа устунликлари билан боғлайдиган таҳлилчиларнинг тиллари кишанланди, аҳоли сони бўйича Ўзбекистоннинг ўртача туманига яқин бўлган Исландия Европанинг энг кучли саккиз жамоасидан бирига айланди, дунё терма жамоалар рейтингизда 18-ўринга кўтарилди. Бундай натижаларга қандай эришилгани ҳақида қуйида ўқийсиз.

ТАРИХИ
Исландия 2016 йилги Европа чемпионатигача ҳеч қачон бирор йирик турнирнинг финал босқичига чиқа олмаганди. Нисбатан олганда улар учун энг муваффақиятли саралаш босқичи Евро-2004 да содир бўлганди. Ўшанда Асгейр Сигурвинссон шогирдлари сўнгги турда ҳатто гуруҳ ғолиблиги учун имкониятни сақлаб туришганди. Аммо бунинг учун Исландия немисларни ютиши лозим ва ўз навбатида Шотландия терма жамоаси ғалаба қозона олмаслиги шарт эди. Германия қаҳрамонларимиз устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳ ғолиби бўлди, параллел ўйинда эса, Шотландиянинг Литва устидан ғалабаси Исландияни гуруҳда учинчи ўринга тушириб юборди. Ўша циклда ЖЧ финалчиси Германия билан Рейкявикдаги 0:0 ҳисоби бутун Исландия учун ҳақиқий байрам бўлиб кетганди.