Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан «Озодлик» радиосига шикоят қилган фуқаролардан бири туман паспорт столи олдида катта навбат юзага келгани, одамлар эрталабдан кечгача навбатда туришаётгани, бўлим ходимлари жуда суст ишлашаётганини баён қилган. Шунингдек, у янги биометрик паспорт олиш учун расман энг кам ойлик иш ҳақининг тенг ярми баробарида давлат божи ундириши белгиланган бўлса-да, паспорт олинаётганда яна 3500 сўм талаб қилинаётганини рўкач қилиб, ИИБ ходимларини коррупцияда айблаган ва узун навбатлар ҳамда қонунга зид равишда пул йиғилишига барҳам берилиши сўраган.

Kun.uz мухбири ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳодир Алиев билан суҳбатлашди.

— Каттақўрғондаги паспорт столи олдида катта навбатлар юзага келишини қандай изоҳлайсиз?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4262-сонли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрь кунги 361-сонли қарорига асосан фуқароларни биометрик паспорт билан ҳужжатлаштириш ишларини 2018 йилнинг 1 июль кунига қадар якунлаш лозимлиги кўрсатилган.

Вилоят аҳолисининг паспорт олиши шарт бўлган фуқаролари сони айни кунда 2 миллион 420 минг 190 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда уларнинг 2 миллион 228 минг 278 нафари яъни 92,07 фоизи биометрик паспорт олган. Ҳали паспорт олишга улгурмаган фуқаролар сони вилоятда 191 минг 912 нафарни ташкил этади.

Бевосита Каттақўрғон туманига тўхталадиган бўлсак, туманда паспорт олиши шарт бўлган фуқаролар сони 166 минг 906 нафарни ташкил этиб, уларнинг 145 минг 913 нафари, яъни 87,42 фоизи янги паспорт олишга улгуришган. Туманда яна 20 минг 933 нафар фуқарога бометрик паспорт берилиши керак. Айтиш жоизки, 12,48 фоиз — бу вилоятдаги энг юқори кўрсаткич.

Биз 1 июлга қадар вилоятда паспорт олмаган фуқароларни паспорт олишга улгуришлари учун узоқ вақтдан бери оммавий ахборот воситалари — телевидение, радио ва газеталар хизматидан фойдаланган ҳолда тарғибот ишларини ўтказиб, фуқароларни кейинчалик жарима тўламаслик учун улгуриб қолишга чорладик.

Ушбу ташвиқотлардан сўнг барча туманларда фуқароларнинг ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаатлари кескин кўпайди, жумладан, Каттақўрғон тумани ҳам.