Жамият | 00:30 / 10.04.2018
125156
2 дақиқада ўқилади

Сохта ҳужжатлар билан талабага айланган қиз ўқишдан ҳайдалди

Фото: terdu.uz

Сурхондарё вилоятида жойлашган Термиз давлат университети махсус сиртқи бўлимига сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиниб, талабага айланган сохтакор ўқишдан четлаштирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тарқатган маълумотга таяниб хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қумқўрғон тумани ХТБ қарашли 54 ва 30 умумтаълим мактабларда, Денов педагогика коллежида айни ҳолат юзасидан сохта ҳужжатлар тайёрлангани аниқланган эди. Ушбу вазиятга ҳуқуқий баҳо берган мутасадди вакиллари, мазкур таълим муассасалари раҳбарларини лавозимида бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида маълумот берган.

Эндиликда Денов тумани 46 умумтаълим мактабида бир кун ҳам ишламаган фуқаро Хуршида Мингалиева муассаса директори билан жиноий тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан ТерДУ махсус сиртқи бўлимига талабаликка қабул қилингани аниқланди.

Келтирилган далилларга тўлиқ иқрор бўлган мактаб директори Элмурод Бойсариев 35 йиллик меҳнат фаолияти давомида биринчи марта сохта ҳужжатларга имзо қўйганини билдириб, пушаймон эканини айтди.

«Бу ишга умуман қўл урмаганман. Ҳужжатлар Денов компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи директори Шокир Сатторовнинг илтимоси билан тайёрланганди», дейди Бойсариев.

Табиийки, савол пайдо бўлади: Мингалиеванинг коллеж директори Шокир Сатторовга нима алоқаси бор?! Аниқланишича, Хуршида Мингалиева ушбу коллежда 2018 йил 1 февраль кундан буён психолог лавозимида 0,5 ставка билан ишлаб келмоқда. Ваҳоланки, ходимнинг ишга олингани ҳақидаги қайдлар буйруқлар дафтарига киритилмаган.

Аслида, Мингалиева мазкур коллежда 2011 йил 1 мартдан бошлаб лаборант техник вазифасига ишга қабул қилинган. Бироқ, у 2014 йилда 46 умумтаълим мактабида ишлашини таъкидлаб ёлғон кўрсатмалар беришда давом этмоқда.

Kun.uz ахборот манбаси етказган маълумотга кўра, Хуршида Мингалиева айни пайтда талабалар сафидан четлаштирилган.

Мавзуга оид