
Март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, Ўзбекистон бозорларида цитрус мевалар нархи бирданига кўтарилиб кетди.
Маълумки, қиш ойларида иссиқ ўлкалардан келадиган турли цитрус - банан, мандарин, апельсин, ананас каби меваларга талаб кучаяди. Баҳорнинг илк икки - март ва апрель ойларида айниқса бу меваларга эҳтиёж катта. Сабаби, ҳали Ўзбекистондаги боғ ва полизларда сабзавот ва мевалар пишиб улгурмаган. Май ойининг бошларидан деҳқон ва боғбонларимизнинг илк ҳосили - қулупнай, гилос ва бошқа мевалар пишгач, аҳолининг цитрус меваларга бўлган талаби озаяди.
“Илик узилди” пайтида бозорлардаги “ажнабий мевалар” нархи кўтарилиб кетиши билан боғлиқ муаммоларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Бизга хабар беришларича, чегарадаги божхона постларида цитрус мевалар олиб кирувчи тадбиркорлар юки ортилган машиналарни Ўзбекистон ҳудудига киритилмаяпти.

“Ўзбекистон чегарасидаги божхона постлари банан ортилган юк машиналаримизни ўтказмаяпти. Сабабини сўрасак: “карантин” дейишди. “Майский” ва “Яллама” постларида 40тадан ортиқ банан ортилган машиналарга қарийб 10 кундан бери ўтишга рухсат йўқ. Ички бозорларда банан нархининг 1 кг 35 минг бўлиб кетган. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан, 5 минг км. йўл босиб, маҳсулот олиб келдик. Нега карантин эканлигини тадбиркорлар тушунмаяпмиз. Бу ҳолатга ҳеч ким изоҳ бермаётгани чатоқ. 5 мартдан бери шу аҳвол. Баъзи-баъзида бананни ўтказиб туришган эди. Охирги 10 кун ичида умуман ўтказмай қўйишди. Масалан, менинг маҳсулотларимга 8 кундан бери лаборатория текширувида хулоса беришмаяпти. 14 та юк машинасидаги цитрус меваларим чегарада турибди”, - дейди цитрус мевалар импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бири.
Муаммоли ҳолат бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимларига мурожаат қилдик. Инспекция мутасаддилари юртимизга импорт қилинаётган цитрус ва субтропик меваларни киритилмаслиги сабабларига изоҳ бердилар.
Бизга берилган жавобда жумладан шундай дейилади:
“Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган маҳсулотларнинг ўсимликлар карантини назорати ва улардан олинган намуналарнинг лаборатория таҳлили давомида цитрус ва субтропик мевалар маҳсулотларида сариқ померанц қалқондори, ананас куяси, цитрус инли куяси, цитрус оқ қаноти, тут оқ қалқондори, куялар, зарпечак, какра, замбуруғ ва бактерия зарарли организмларининг мавжудлиги аниқланди.
















