Наманганда ёлланма қотил орқали эрини ўлдирмоқчи бўлган 37 ёшли аёл ва унинг 34 ёшли жазмани жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Иш тафсилоти
Суд ҳукмига кўра, Н.М. (аёл) жабрланувчи М.Б. билан яшаб келган. Эр-хотиннинг бир нафар фарзанди бўлган.
М.Б. турмуш ўртоғи ва судланувчи Х.Т. ўртасидаги ишқий муносабатдан хабар топиб, уни рашк қила бошлаган. Айни шу сабабли, аёл М.Б.ни ўлдириш учун ёлланма қотил излаган. У бу борада фуқаро Т.Қ.га мурожаат қилиб, эвазига 6 минг доллар беришини айтган.
Аёлнинг “киллер топиб бериш” ҳақидаги илтимосидан сўнг Т.Қ. ИИБга ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилган. Унинг аризаси асосида 2026 йил 4 март куни ДХХ, вилоят ИИБ ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда М.Б.нинг ўлдирилгани саҳналаштирилган. Сўнгра шартли ёлланма қотил ҳолатни тасвирга олиб, буюртмачиларга тақдим қилган. Аёл ва унинг жазмани шартли ёлланма қотилга 5 500 доллар берган вақтида қўлга олинган.
ИИВ мазкур жиноят иши бўйича эълон қилган видеолавҳада буюртмачилар Telegram орқали шартли қотил билан суҳбатлашгани ҳам акс этган. Унда аёл турмуш ўртоғи Cobalt машинасида ёлғиз юришини, уни “Андижон–Наманган” йўлидаги овлоқ жойда ўлдириб, машинасини ёқиб юбориш кераклигини, бунинг эвазига 6 минг доллар беришини айтган.
“Қўрқитиб қўймоқчи эдим”
Н.М. судда айбига қисман иқрорлик билдирган ва аслида турмуш ўртоғини қўрқитиб қўймоқчи бўлганини маълум қилган.
“Муттасил калтаклагани сабабли қўрқитиб қўйиш учун қаттиқроқ уриш режаси бўлган. Қўшним фолбин эди, Т.Қ. билан таништирди. Унга эримни қўрқитиб қўйиш ҳақида айтганимизда Т.Қ. агар уриб-дўппосласа ИИБга ариза қилиши ва жиноят фош бўлиши мумкинлигини, йўқ қилиб юборса изи чиқмаслигини маълум қилди. Бизни қотиллик жинояти содир қилишга Т.Қ. ундади. М.Б.ни ўлдириб юбориш ҳақидаги таклифни дастлаб Т.Қ. берди. У билан 6 500 долларга келишдик. Дастлаб Х.Т. минг доллар берди”, деган аёл ўз кўрсатмасида.
Шундан сўнг 4 март куни Т.Қ. қўнғироқ қилиб, эри ўлдирилганини айтган ва қолган 5 500 долларни сўраган. Буюртмачилар М.Б. ўлдирилгани акс этган видеотасвирни кўрсатганидан сўнг қолган пулни берганда қўлга олинган.

















