Саудия Арабистони Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланаётган яманлик ҳусийларнинг ҳарбий операцияси туфайли Пекинга мурожаат қилди. Шундан сўнг, Хитой шахсий тартибда Эрондан Яман ҳусийларини «жиловлаш»да ёрдам сўради. Бу ҳақда Reuters уч нафар эронлик манбага таяниб хабар берди.

Уларнинг маълумотларига кўра, Саудия Арабистони ҳусийларнинг Қизил денгиз бўйлаб ва Боб ал-Мандиб бўғози атрофида юришидан сўнг Хитойдан ёрдам сўраган, бу ҳолат кема қатнови ва Саудия нефти экспортига хавф туғдирган эди. Шундан сўнг Пекин Теҳрондан ўзининг ҳусийларга бўлган таъсиридан фойдаланишни ва можаронинг ўзи қарам бўлган энергия йўналишларига тарқалишининг олдини олишни сўради, деб аниқлик киритди Reuters суҳбатдошлари.

Манбаларнинг таъкидлашича, Хитой вакиллари ҳеч қандай очиқ таҳдидларни билдирмаган ва агар Теҳрон ўз таъсирини ҳусийларга ўтказа олмаса, унга иқтисодий босим ўтказишга уринишини айтмаган. Шу билан бирга, улар мактуб қандай етказилгани ва бу Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг 16 сентябр куни Хитойга ташрифи чоғида амалга оширилганми ёки йўқми, аниқлаштирмадилар.

Илтимосга жавобан Теҳрон минтақадаги барқарорлик ва тинчлик АҚШ-Исроил ва Эрон ўртасидаги урушнинг тўхтатилишига боғлиқлигини айтди, деб қўшимча қилди агентлик суҳбатдошлари.

Хитой минтақавий кескинликнинг Яман ва Қизил денгизга янада тарқалишини истамайди, эскалация томонларнинг манфаатларига мос келмайди, деди Reuters нашрига Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ушбу воқеага изоҳ бериш сўровига жавобан. Вазирликнинг таъкидлашича, Пекин можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда.

Reuters қайд этганидек, Хитой ўн йилдан ортиқ вақт давомида Эроннинг энг йирик савдо шериги ва нефтининг асосий харидори бўлиб келган. Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, 2025 йилда Эрон нефтининг денгиз экспорти 80 фоиздан ортиғини Хитой харидлари ташкил этган.

«Пекин – ҳали ҳам ҳусийларни жиловлаш учун Эронга босим ўтказа оладиган саноқли пойтахтлардан биридир», деб таъкидлади Ғарбнинг юқори мартабали дипломати.

Reuters манбаларига кўра, Теҳрон Пекин томонидан билдирилган хавотирларга муносабат эълон қилиши ноаниқ. Уларнинг таъкидлашича, Хитой билан муносабатлар АҚШ билан уруш фонида Эрон учун муҳим иқтисодий ва стратегик аҳамиятга эга, чунки бу Теҳронни нефт саноатини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётга босимни юмшатиш учун сармоя билан таъминлай оладиган кам сонли давлатлардан биридир.