17 сентябр куни Самарқандда Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 2-тур баҳслари ўтказилди.
Ўзбекистоннинг асосий эркаклар терма жамоаси яна зафар қучиб, Перу устидан 3,5:0,5 ҳисобида ғалаба қозонди.
Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов Перунинг энг кучли шахматчиси Хорхе Корини мағлуб этди. Жавоҳир Синдаров оқ доналар билан ўйнаб, Диего Саул Кильясни енгди. Шамсиддин Воҳидов Стивен Рохасни мағлубиятга учратди. Муҳиддин Мадаминов эса Фернандо Фернандес билан дуранг ўйнади.
Мусобақада фаворит саналаётган АҚШ терма жамоаси иккинчи турда Мўғулистонни 2,5:1,5 ҳисобида қийинчилик билан мағлуб этди. Ҳиндистон худди шундай ҳисобда Индонезия шахматчиларини доғда қолдирди. Хитой шахматчилари Чилини 3:1 ҳисобида енгди.
Ўзбекистон-2 терма жамоаси Жазоирни 4:0 ҳисобида тор-мор этди. Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Нигматов ва Ҳумоюн Бегмуратов ушбу ғалабага ҳисса қўшди.
Ўзбекистон-3 терма жамоаси Германияга 0,5:3,5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Эквадорни 4:0 ҳисобида тор-мор этди.
Нилуфархон Имомқўзиева, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Гулдона Каримова ва Умида Омонова рақибларига имконият қолдирмади.

Ўзбекистон-2 аёллар жамоаси Иорданияни 3,5:0,5 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этди. Ўзбекистон-3 аёллар жамоаси Испанияга 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.
3-тур ўйинлари 18 сентябр куни ўтказилади.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқандда 27 сентябргача давом этади.

















