Ўзбекистон | 04:10 / 18.04.2018
80392
2 дақиқада ўқилади

«Олдин пахтага олиб чиқмаса, ишдан олардик». Бухоро ҳокими ўзгарган сиёсат ҳақида гапирди

17 апрель куни президент ташаббуси билан бош вазир Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамасида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда бош вазир кун тартибидаги асосий масала бўйича ҳар бир вилоят раҳбарининг ахборотларини тинглаб, қабул қилди.

Арипов Қашқадарё, Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларида мажбурий меҳнат ва кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилганини қайд этиб ўтганди.

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқиб, бундан буён мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги фикрларга қўшилишини билдириб, ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудудда бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ваъда берди.

«Президентимизнинг Сирдарёда гапирган барча гапларини яхшилаб эшитдик. Бу гаплардан кейин вилоятдаги раҳбарлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари билан қатъий келишиб олдик, бундан кейин ҳеч кимни мажбурий меҳнатга жалб қилмаймиз.

Президентимизнинг сиёсати бундай йўналишда бўлганидан кейин бу масалаларга жиддий қараяпмиз.

Тўғрисини айтиш керак, олдинги сиёсатда пахтага олиб чиқмаса, ишдан олардик. Энди вазият бошқа. Лекин ҳали буни кўпчилик тушуниб етмаяпти. Президентимизнинг охирги гапларидан кейин кўпчиликка етиб борган деб ўйлайман. Ҳамманинг масъулияти ўзида. Бундан кейин вазиятни тузатиш учун кескин чораларни кўрамиз», — деди Бухоро вилояти ҳокими.

Бош вазир унинг бу сўзларини маъқуллаб, тўлдириб ўтди: «Тўғри. Ҳа, аввал ўзимиз мажбур қилардик, ўзимиз бош бўлардик. Лекин энди сиёсат ўзгарди. Юртбошимиз халқпарвар сиёсат эълон қилди.

Президентимиз БМТ минбарида туриб аввалги камчиликларни тан олган ҳолда, янгича сиёсат ҳақида эълон қилди. Энди енг шимариб, қонун доирасида иш олиб борамиз», дея Абдулла Ариповнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид