Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 17 апрель куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари, шунингдек, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, интернет-нашрларнинг мухбирлари иштирок этди.
Йиғилишда бош вазир кун тартибидаги асосий масала бўйича ҳар бир вилоят раҳбарининг ахборотларини тинглаб, қабул қилди.
Йиғилишда ўтган ойда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ўқитувчилар кўча тозалаш ишларига олиб чиқилгани ва ёш ўқитувчи аёл Диана Еникеева шу иш жараёнида ҳалок бўлгани эсланди. Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевга сўз берилганида, у ушбу ҳолат учун Ўзбекистон президентидан узр сўраб, бундан кейин ижтимоий соҳа ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигига сўз берди.
Ассалому алайкум, ҳурматли Абдулла Ниғматович! Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш борасида вилоятда йўл қўйилган камчиликлар ҳақидаги сўзлар ҳақиқатан ҳам ўринли. Биз муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида ўтказилган вилоят фаоллар йиғилишини диққат билан кўрдик. Йиғилишда муҳтарам юртбошимиз томонидан одамларни, айниқса, ижтимоий соҳа вакилларини, ўқувчи ва талабаларни мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига олиб чиқишни қаттиқ қораладилар. Очиғини айтадиган бўлсак, бу мен томондан йўл қўйилган камчилик. Яъни, биз назорат қилолмадик, лекин ижтимоий соҳа вакилларини ободонлаштириш ишларига олиб чиқмаслик тўғрисида йиғилишларда бир неча бор айтганмиз, ўзи ўтган йилдан бошлаб туриб буларнинг бирортаси на дала ишларига, на пахта йиғим-теримига жалб қилиняпти.
Лекин шунга қарамай, Каттақўрғон туманида бўлиб ўтган ҳодиса ҳаммамизни, вилоятдаги барчани, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча фуқароларни қаттиқ бир қайғуга солган. Энди, биз бу ҳолатни ўша куннинг ўзида ўрганиб, ичига кирганимизда, ҳақиқатан ҳам 13 март куни туманда йиғилиш қилиниб, у ерда барча туман корхоналари раҳбарлари иштирокида Наврўзолди умумхалқ ҳашарига жалб қилинган.
Шундан кейин Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири барча мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни кўча тозалаш ишларига сафарбар қилган. Диана Еникеева ишлайдиган мактаб ўқитувчилари ўзлари ишлайдиган мактабдан узоқдаги М-37 йўлига олиб чиқилган ва ўша ерда Диана Александровна Еникеевани «КамАЗ» машинаси уриб кетиб, у шифохонада оламдан ўтган.
Энди бундан кейин биз йўл қўйилган хатони қайта-қайта муҳокама қилиб, бугунги кунда чоралар кўрдик. Лекин бу кўрган чораларимиз у одамни қайтариб бермайди. Буни ҳаммамиз тўғри тушунганмиз. Бундан кейин бир неча маротаба шу масала бўйича тушунтиришлар бердик.








